Бугун, 13 январь куни Ромитан тумани ҳокимлиги биноси олдида туманимиздаги ишсиз, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш истагида бўлган фуқаролар, айниқса хотин-қизлар ва ёшлар иштирокида кичик ва катта технологиялар саноат ярмаркаси ташкил этилди.
Ушбу ярмаркага туман ҳокими Умеджон Барноев бошчилигида сектор раҳбарлари, туман ҳокими ўринбосарлари, туман Савдо-саноат палатаси, тегишли ташкилот, корхона раҳбарлари, ҳоким ёрдамчилари, тижорат банк ходимлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Саноат ярмаркасида 17 дан ортиқ таъминотчи корхоналар 100 дан зиёд ҳар хил турдаги, жумладан нон қандолатчилик аппаратлари, тикув машиналари, паррандачилик, асаларичилик, сантехника жиҳозлари, мотокультиваторлар, пайвандлаш аппаратлари, ҳунармандчилик, темирчилик, дурадгорлик учун зарур бўлган асбоб-ускуналар, қишлоқ хўжалиги техникалари, вилоятимизда ишлаб чиқарилган “Лочин” юк мотоцикллари ва бошқа техникалар йўналишдаги тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш имкониятлари яратиб берилди.
Ташкил этилган саноат ярмаркасида оилавий бизнесини йўлга қўйиш ниятида бўлган иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди. Дарвоқе, кам таъминланган оилалар, ишсизлар, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш истагида бўлган фуқаролар учун ташкил этилган ярмаркада жами 400 нафардан зиёд аҳоли қатнашди.
Яна муҳим жиҳати, тадбирда Халқ банки, “Миллий банк”, “Микрокредит банк”, “Агро банк” туман филиаллари ўз хизматларидан фойдаланувчилар учун кенг имконият яратишди.
Ярмарка доирасида 47 нафар фуқаро ва етказиб берувчи ташкилотлар ўртасида жами 1,175 миллиард сўмлик шартномалар тузилди.
Эътиборли жиҳати шундаки, кам таъминотли оилаларнинг вакилларига шу ернинг ўзида тузилган шартномага кўра, тегишли асбоб-ускуналар топширилди.