Бухоро вилоятида маданий мерос объектлари ва уларга туташ ҳудудларда ободонлаштириш ишларини тизимли ташкил этиш, аҳоли ва сайёҳлар учун зарур шарт-шароитлар яратиш, мавжуд муаммоларни бартараф этиш ҳамда янги имкониятларни ишга солиш борасида бошланган амалий ишларни жадаллаштиришга киришилди
Хусусан, маданий мерос ва архитектура ёдгорликларини асраб-авайлаш, улардан оқилона фойдаланиш ва техноген жараёнлар таъсирини олиш мақсадида хорижий ва маҳаллий экспертлар, олимлар, тарихчилар ҳамда тажрибали лойиҳачиларни жалб қилган ҳолда Бухоро шаҳар тарихий марказидаги “Чор Минор” ва “Истеза” мадрасалари, “Самарқанд” ва “Дарвозаи Саллохона” дарвозалари, “Зиндон” ва “Масжиди Калон” каби туристик маршурут бўйлаб жойлашган объектлар ҳудудида ёмғир сувларини олиб чиқиб кетувчи тармоқларни қуриш, электр энергияси, табиий газ, алоқа кабеллари ва бошқа коммуникация тизимларини Хива шаҳри тажрибасидан фойдаланган ҳолда, шахта шаклида ер остидан ўтказиш ёки бинолар том қисмларидан миллий кўринишда ёғоч орнаментлар, устунлар билан ўраган ҳолда мукаммал кўринишини ташкил этиб, қуриш, анъанавий меъморчилик услубига уйғун ҳолда замонавий ёритиш тизимларини ўрнатиш ишлари олиб борилмоқда.
Шунингдек, Бухоро шаҳрида жорий йилда биринчи замонавий дизайн ва ҳунармандчилик биенналесини ўтказишга тайёргарлик кўриш мақсадида танланган ҳудудда маданий мерос объектларини реставрация қилиш ҳамда туташ ҳудудларда йўл ва йўлакларда мавжуд асфальт ва бетон қопламаларни демонтаж қилиш, лойиҳа асосида махсус тош қопламалар ётқизилмоқда.
Шу билан бирга, Бухоро тарихий марказида белгиланган 9 та маданий мерос объектлари (Гавкушон мадрасаси, Хожа Калон ва Мағоки Атторий масжидлари, Мирзо Улуғбек, тамакифуруш Аҳмаджон карвонсаройлари қолдиқлари, Олимжон, Аёзжон ва Фатхуллажон карвонсаройлари, Тасвирий санъат музейи)ни реставрация қилиш ва уларнинг муҳофаза зонасида ҳам зарур таъмирлаш-тиклаш ишлари бошланди.
Бугун вилоят ҳокими Ботир Зарипов, Бухоро шаҳар ҳокими Қурбон Турсунов, вилоят ва шаҳар секторлари раҳбарлари, масъул вилоят ҳокими ўринбосарлари, тегишли ташкилотлар мутасаддилари ҳамроҳлигида Бухоро шаҳрининг тарихий қисмида бўлиб, амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишишди. Мавжуд муаммоларни ўрганишди. Уларни ҳал қилиш бўйича зарур вазифалар белгиланиб, ижроси назоратга олинди.
Жумладан, вилоят раҳбари Бухоро шаҳар тарихий марказида дастлабки босқичда туризм маршрутидаги кўчаларга туташ хонадонлар ва корхоналар биноларини том қисми (шифер, профнастил) қопламаларини демонтаж қилиш орқали тарихий анъанавий (лойсувоқ ва миллий услубдаги қоплама) кўринишига ўзгартириш ишларини ташкил этиш, маданий мерос объектларига туташ ҳолда қурилиб, ўрнатилган ноқонуний қурилмаларни, тегишли ҳужжатларни расмийлаштирмасдан (ўзбошимчалик билан) қурилган (ўрнатилган) ва фойдаланиб келинган объектларни бартараф этиш, Бухоро шаҳар тарихий марказида фаолият олиб борувчи жойлаштириш воситалари, ресторанлар, ҳунармандлик устахоналари, сувенир дўконлари, маданий мерос объектлари, савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шахобчаларидаги мавжуд реклама баннер мосламалари, конструкциялари ва шитларини тартибга келтириш, миллий руҳдаги пештахталар намуналарини ўрнатиш бўйича ягона талабни жорий қилиш ва бошқа масалаларда мутасаддилар зиммасига аниқ вазифаларни юклади. Ишларни ташкил этиш бўйича масъллар ва муддат белгиланди.