Жорий йилнинг 2 август куни соат 16:00да форум дастурига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари З.Б.Маҳкамова раҳбарлигида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси ўринбосари – оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ўринбосарлари – оила ва хотин – қизлар бошқармалари бошлиқлари, ички ишлар бошқармалари хотин – қизлар масалалари бўйича инспекторлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирининг Оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, репродуктив саломатликни мустаҳкамлаш бўйича ўринбосари, Тошкент шаҳар ва вилоятлар соғлиқни сақлаш бошқармасининг Оналик ва болаликни муҳофаза қилиш бўйича ўринбосарлари Бухоро туман тиббиёт бирлашмасига ташриф буюрдилар.
Мазкур республика ўқув-амалий семинари ва муҳокама йиғилишида Бухоро вилояти ҳокими ўринбосари – оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи Ф.Б.Ибрагимова ҳамда шаҳар ва туман ҳокими ўринбосарлари, ички ишлар инспекторлари, республика ихтисослаштирилган Она ва бола саломатлиги илмий-амалий тиббиёт маркази Бухоро филиали ҳамда барча шаҳар ва туман тиббиёт бирлашмалари бошлиқларининг оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, репродуктив саломатликни мустаҳкамлаш бўйича ўринбосарлари, 2 нафардан тренер лидер доялари ҳамда Бухоро туман тиббиёт бирлашмасининг бўлим бошлиқлари, оилавий поликлиника ва оилавий шифокор пунктлари мудирлари ҳамда барча доялар ҳам иштирок этдилар.
Ушбу семинарда дастлаб, Бухоро вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг Оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, репродуктив саломатликни мустаҳкамлаш бўйича ўринбосари Х.А.Жалилов томонидан “Аёллар саломатлигини мустаҳкамлаш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш” мавзусидаги таҳлилий маъруза қилинди.
Маъруза давомида Бухоро вилоятида аёллар репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш борасида эришилган ютуқлар, оналар ва болаларга малакали тиббий хизмат кўрсатиш бўйича амалга оширилган ташкилий тадбирлар, чет эл олимлари билан ҳамкорлик, кадрлар салоҳияти ҳамда диагностика ва даволаш стандартлари бўйича Бухоро Давлат тиббиёт институти билан узвий алоқалари, касаллиги бўйича оғир беморлар телемедицинаси йўлга қўйилганлиги ҳамда оила ва хотин-қизлар бошқармаси, маҳалла еттилиги, ижтимоий агентлик, мактабгача ва мактаб таълими, санитария-эпидемиологик осойишталик бошқармалари билан ҳамкорликдаги тизимли ишлари презентация қилинди.
Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 8 сентябрдаги “Оналар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилиш, аҳолининг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-296-сонли қарори ижроси бўйича республика ихтисослаштирилган Она ва бола саломатлиги илмий-амалий тиббиёт маркази Бухоро филиалидаги штаб фаолияти, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш тизимидаги интеграция механизми, маҳалланинг “Соғлом оила хонаси”, “Аёллар маслаҳатхона”сидаги муҳокамалар ҳамда патронаж доянинг ҳаракатлар схемаси семинар иштирокчиларига ҳавола қилинди.
Шунингдек, Бухоро вилоятида оналик ва болаликни муҳофаза қилиш йўналишидаги статистик кўрсатгичлар таҳлил қилинди, жумладан аҳолининг демографик кўрсатгичлари, туғруқлар, ҳомиладорлар ва уларнинг пренатал скрининги, исталмаган ҳомиладорликнинг олдини олиш бўйича контрацептив қамров, туғиш ёшидаги аёллар ва ҳомиладорлар тиббий кўриги ҳамда аёлларнинг онкологик (маммоскрининг ва кольпоскопия) скрининги ҳудудлар кесимида муҳокама қилинди.
Маъруза сўнгида Бухоро вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Х.А.Жалилов томонидан оналик ва болаликни муҳофаза қилиш бўйича кўрсатмалар берилди ҳамда йўлга қўйилган тизимли ишлар юзасидан тўхталиб ўтилди.
Хусусан, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш йўналишидаги асосий кўрсатгичлар индикатори бўйича баҳолаш мезонларига мувофиқ раҳбар ходимларнинг фаолиятини самарадорлиги таҳлили жорий йилганлиги, коррупцияни олдини олиш мақсадида барча туғруқ муассасаларида жамоатчилик назорати хоналарининг ҳамда 1064 қисқа
рақамли COLL марказларининг туну-кун фаолияти йўлга қўйилганлиги, патронаж дояларнинг вазифалари ва уларнинг ҳомиладорлар учун ташриф (визетка) қоғозлари жорий қилинганлиги, марказлашган ҳолда ҳомиладорлар учун ҳамда бир ёшгача бўлган болаларни парвариши бўйича қўлланмалар чоп этилиб тарқатилаётганлиги, ҳомиладорлар маршрутига кўра яшил, сариқ ва қизил йўлланмалар бериш тизими йўлга қўйилганлиги семинар иштирокчиларига намойиш қилинди.
Шундан сўнг, бош вазир ўринбосари раҳбарлигидаги семинар иштирокчилари Бухоро туман тиббиёт бирлашмасига қарашли кўп тармоқли марказий поликлиникасидаги электрон поликлиника, “Болалар бўлими”, “Аёллар маслаҳатхонаси”, “Онконазорат хонаси”, Она ва бола кластери”, пренатал скрининг ҳамда туғруқ бўлимининг умумий фаолияти билан танишиб чиқдилар ва яратилган имкониятлар, киритилган янгиликларнинг гувоҳи бўлдилар.
Маълумот учун айтиш жоизки, муҳтарам Президентимизнинг 2023 йил 10-11 август кунлари Бухоро вилоятига ташрифлари давомида бутунлай янгидан қурилган Бухоро туман тиббиёт бирлашмасининг очилиш маросими ўтказилиб, фойдаланишга топширилган эди. Мазкур бирлашмадаги 225 шифо ўринли 1 та марказий шифохона, 500 нафар қатновга мўлжалланган 1 та кўп тармоқли поликлиника, 8 та оилавий поликлиника, 12 та оилавий шифокор пункти ва унинг 9 та филиаллари ҳамда 12 та маҳалла тиббиёт пунктларидаги жами 217 нафар шифокор ва 916 нафар ўрта тиббиёт ҳодимлари туманнинг 36 та маҳалла фуқаролар йиғинидаги 179 137 нафар аҳолисига сифатли тиббий хизмат кўрсатиб келмоқда.
“Аёл – қадриятлар давомчиси” шиори остида ўтказилаётган форум доирасидаги ушбу республика ўқув-амалий семинари ва муҳокама йиғилиши якунида Бош вазир ўринбосари З.Б.Махкамова томонидан кун тартибидаги масала юзасидан “Бухоро тажрибаси”ни барча ҳудудларда жорий қилиш бўйича тегишли топшириқлар бериб ўтилди.
Хусусан, вилоятдаги барча шаҳар ва туманларнинг жами барча секторларига малкали акушер-гинекологлар ҳамда барча маҳалла фуқаролар йиғинларига тиббий бригада оилавий шифокорлари, патронаж ҳамширалар ва патронаж – доялар бириктирилганлиги ҳамда аҳолига сифатли бирламчи тиббий-санитария хизматини кўрсатиш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, репродуктив саломатликни мустаҳкамлаш, исталмаган ҳомиладорликнинг олдини олиш мақсадида режа асосида маҳаллабай тиббий – тарғибод тизими йўлга қўйилганлиги алоҳида эътироф қилинди.
Бу ўз навбатида, аҳоли орасида аҳолининг тиббий маданияти ошишига, аҳоли орасида касалликларни эрта аниқланишига, исталмаган ҳомиладорликнинг олди олинишига, соғлом ота ва соғлом онадан соғлом болаларнинг туғилишига, ногиронлик ва ўлим ҳолатларининг кескин камайишига замин яратади.
Бир сўз билан айтганда, муҳтарам Президентимизнинг таъбирлари бўйича “Тиббиётдаги ислоҳотлар – инсон қадри учун” тамойилига мувофиқ тиббиётни аҳолига яқинлаштириш орқали фуқароларнинг тиббиётдан розилигига эришиш имконияти яратилади.
Бухоро вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг Оналик ва болаликни муҳофаза қилиш бўйича ўринбосари
Хушнуд Абдукаримович Жалилов