– Ҳурматли талабалар, дарсни бошлаш олдидан йўқлама ўтказсак. Бугун кимлар келмаган?
– Устоз, Сафаров бугун ҳам келмади.
– Сафаров нега 4 кундан буён кўринмайди?
Устоз шу саволни бераётганда Сафаров эшикдан кириб келди. Кўзлари сўлғинлигидан ухламаганлиги кўриниб турибди. Чуқур нафас олаётганини сезган устоз унинг шошиб келганини пайқадию, ортиқча гапирмай, “ўтириш” ишорасини қилди. Дарсдан сўнг устоз талаба билан ҳолатга аниқлик киритиш учун унинг уйига борди. Сафаров контрактда ўқийди, бунинг устига, кичкина синглиси ва онаси ҳам унинг қарамоғида экан. Дарсга келмай қолганинг сабаби эса онаси бетоб бўлгани боис, унинг ўрнига ишга чиққани экан.
– Оиладаги бундай шароит билан олий таълимда ўқиётганлар кўп. Қўлдан келганча, уларга ёрдам беришга ва қўллаб-қувватлашга ҳаракат қиламан, дейди Бухоро давлат педагогика институти ректори ёрдамчиси Рустам Раҳимбоев.
Маълумот ўрнида: Рустам Раҳимбоев 2002 йилда туғилган. Ёш бўлишига қарамай, ректор ёрдамчиси лавозимида 2023 йилдан буён намунали фаолият кўрсатиб келмоқда.
– Масъулиятли лавозимда ишлаш ҳар қандай ёшда ўз ишига қатъий эътиборни талаб этади. Аммо, сизнинг ёшингизда одам баъзида дўстлар даврасида вақт ўтказишни истаб қолади. Шундай вазиятларда ишингизда камчиликлар юзага келмайдими?
– Талабалар ёшга қараб эмас, салоҳият ва илм даражангизга қараб андоза олишади. Аввало, ишдан чалғишга ҳақим йўқ, деб биламан. Айниқса, гап таълим ҳақида кетганда, сергакликни юз баравар ошириш зарур. Ёшликнинг ҳар дақиқасини қадрлайман. Уни фойдасиз амаллар билан ўтказишдан наф йўқ.
– Талабаларни тушунишда ўзингизни қандай баҳолайсиз?
– Талабалик – энг гўзал давр. Ўқиш ва ўрганиш талабиятидан, сессиялардан бошқа қийинчиликлар бўлмайди бунда. Агар оилада бирор муаммо бўлмаса, албатта. Талаба учун ўқиш биринчи ўринда ва бутун эътибор унга қаратилган бўлиши лозим. Ўзим ҳам талабаликда намунали ўқиб, ўқишни имтиёзли диплом билан тугатганман. Қолаверса, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Ёшлар парламенти аъзосиман. Шу жиҳатдан, ўқийман деган, интилган талабани доим тушунишга ва ёрдам беришга тайёрман. Ўқимаслик учун баҳона излаганларга ҳолатга қараб, ўз усулида тушунтиришга ва зарур бўлса, йўл-йўриқ кўрсатишга ҳаракат қиламан.
Бундан ташқари, талабалар томонидан тез-тез мурожаатлар билдирилади. Муаммоларни тегишли масъуллар билан биргаликда қисқа фурсатда ҳал қилишга ҳаракат қиламиз.
-Таълимнинг келажагини белгиловчи асосий куч-малакали кадрлар етишиб чиқишидир. Хўш, таълимнинг ўсишдан тўхтамаслиги нимага боғлиқ, деб ўйлайсиз?
– Афсуски, аксарият ёшлар институтга кириш учунгина ўқийди. Уларнинг мақсади институтга киргач якун топади. Талабаларни йўналтира билиш институт раҳбарларига ва ўқитувчиларига боғлиқ. Ҳамма кучлар тўғри муомала қила билиш, педагогик ёндашувга таянади. Аввало, талабанинг табиатини ўрганиш керак, унга мос суҳбат қуриш лозим. Негаки, ҳамма талаба ҳам раҳбар бўлмайди аммо, ҳар бир раҳбар талаба бўлган. Ҳар бир дарс берувчи олий таълимда ўқиган. Шу учун ҳам таълимнинг сайқалланишида ва ҳар талабани ўз йўналишида малакали мутахассис сифатида ишлаб кетишида раҳбар ёки устознинг масъулияти юқори.
– Сиз ўз касбингизнинг мутахассиси сифатида қандай мақсадларни кўзлаяпсиз?
– Режаларим ва мақсадларим кўп. Ҳар бири институтда ўқиётган талабалар учун манфаатли бўлишига ишонаман. Институт жамоаси доимгидек бирлашиб, талабаларни бир касбни бошини “тутиб”, у билан нон топадиган даражага етказсак, фанларнинг чуқур ўзлаштиришини таъминласак, ана шунда улар олдига мақсад қўяди ва унга эришишга интилади.
Ҳа, ўз вақтида эринмай эгалланган билимнинг меваси ҳам йирик бўлади. Талабалик йиллари нафақат, таълим олиш балки, билим, кўникма, қадриятлар, ахлоқ, эътиқод ва одатларни эгаллаш жараёни ҳамдир. Билим эгаллаш инсон келажагининг муҳим жараёнларидан бири экан бу бебаҳо эканлигини барча талабалар англаб етсин, деймиз.
Зулфизар Мавлонова