Бухоройи шарифга зиёратга келган сайёҳ борки, 9 асрлик тарихга эга, баландлиги 47,5 метр, айланмаси 36 метр бўлган маҳобатли Минораи калонни кўрмай кетмайди. Масжид ва мадрасаларша туташ қилиб қурилган ушбу минорани тиклашдан мақсад аслида, одамларни намозга чорлаш бўлган. Аммо, ушбу миноранинг луғавий маъноси араб тилидан олинган бўлиб, «маёқ» деган маънони англатади.
Асрлар давомида шаҳарга келувчи карвонлар учун йўлчи юлдуз, маёқ вазифасини ўтаган Минораи калон, яъни буюк меъморий ёдгорлик – Катта минора Қорахонийларнинг сўнгги ҳукмдори бўлган Амир Арслонхон Муҳаммад ибн Сулаймон томонидан XII асрда, аниқроғи, 1124-1127 йилларда қурдирилган.
Тарихий манбааларда айтилишича, Минораи калон атрофидаги ҳовлилардан бирида Минора бунёдкори уста Бақонинг қабри жойлашган. Ўша манзил Минора соясининг энг юқори нуқтаси тушадиган жой ҳамдир. Устанинг қабри нега айнан бу ерда жойлашганининг сабабини у ўз васиятида битиб қолдирган: «Менинг жасадимни минораи калон ёнидаги ҳовлига кўминг, агар минора қуласа, менинг қабрим устига қуласин, суякларимни майда-майда қилсин. Лекин, худо шоҳид, қиёматгача минора қуламайди».
«Чиндан ҳам Минораи калон асрлардирки, виқор ва салобат билан ўз ўрнида мустаҳкам турибди. Бухоронинг 1102-1130 йиллардаги ҳукмдори Арслонхон Қорахоний шаҳар атрофидаги сувсиз саҳроларда карвонлар адашиб, ҳалок бўлиши оқибатларини ўйлаб, шаҳарда энг баланд иншоот қурдиришга қарор қилган. Юзлаб сара усталар орасида Уста Бақонинг лойиҳасигина унга манзур бўлган ва шу аснода миноранинг қурилган»,-дейди Тошкент давлат педагогика университети доценти вазифасини бажарувчи, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори Шавкат Бобожонов.
Суҳбатдошнинг билдиришича, муҳандис ва меъмор уста Бақо лойиҳаси асосида тикланган Минораи калон пойдевори тош ва махсус қир қоришмасидан терилган. Ер сатҳидан 9 метр чуқур, баландлиги салкам 50,0 метр, курсиси қиррадор, танаси ғўласимон, тепаси гумбазли давра қафаса-кўшк билан боғланган. Минора юқорига ингичкалашиб борган ва муқарнас билан тугаган. Қафасасидаги 16 равоқли дарчалар орқали атрофни кузатиш мумкин. Тепага минора ичидаги 104 айланма зина орқали чиқилади.Масжиди калон калон томонидан минорага ўтиладиган кўприкча бўлган. Миноранинг ўзаги ҳам, безаги ҳам чорси ғишт билан терилган. Нақл қилинишича, Уста Бақо Минораи Калонни қуришда сув ўрнида туянинг сути, тухумнинг оқидан фойдаланган.
«XX аср бошларида Бухорода 220 та гузар бўлган бўлса, деярли, ҳаммаси катта-кичик миноралар мавжуд бўлган. Бир-биридан бўй талашиб турган минораларнинг кўплиги, бир-бирига параллел туриб, гўзал меъмори композицияни ташкил этгани сабабдан ҳам шаҳар «миноралар шаҳри» дея таърифланган. Ҳозирда 17 минора сақланиб қолган. Улар орасида Минораи калон маҳобати, салобати, мустаҳкамлиги, қадимийлиги, гўзаллиги ва шаҳарнинг марказий майдонида қад ростлагани билан ажралиб туради.
Бухорода минор усталар бўлган. Минора қуриш бўйича устоз-шогирд мактаби анъаналари фаолият юритган. Уларни минорасоз уста, минорсозлар, деб аташган. Бошқа воҳаларни бундан усталар авлоди ёки ҳунар турини, деярли, учратмаймиз»,-дейди Шавкат Бобожонов.
Тарихий манбааларга кўра, 1920 йилда Бухорога бостириб кирган Фруньзе бошчилигидаги қизил аскарлар ҳам ердан, ҳам осмондан туриб, минорага зарба беришган. Бухорони уч кун давомида самолётларнинг керосин ва бензини тугагунга қадар бомбардимон қилишга буйруқ беришган. Маҳаллий аҳоли аэропланларни олдин кўрмагани учун «темир қанотли қушлар», бомбардимон кунлари эса «кичик қиёмат» деб аташган. Бухоронинг етмиш фоиз санъат асарлари, меъморий обидалари, масжиду мадрасалари, анъанавий тураржойлари портлатиб юборилган. Шаҳар уч кун давомида ёнган. Миноранинг бир неча жойлари “жароҳатланган”. Лекин Фрунзенинг тўплари ҳам Минорани қулатолмаган.
«Ҳар доим Бухоро тарихини ўрганиш давомида айнан шаҳардаги бу босқинни кўз ёш билан ўқийман. «Бухоро амирлигини қулатиш операцияси» жуда оғриқли кечган. Кўплаб меъморий обидалар қаторида Минораи калон ҳам жуда оғри талофат кўрган. Аммо, тўлиқ йиқита олишмаган.
Бунда бетакрор уста Бақо ва тажрибали қурилиш усталарининг маҳоратига тан бериш мумкин.Бухоро амирлигини қулатиш операциясида қатнашган учувчилардан бири ўзининг Нижний Новгороддаги газетада эълон қилган хотираларида шундай мақтаниб ёзган: «Биз ҳар гал Бухоро Аркни бомбардимон қилардик. Ундан ортиб қолган бомбаларни эса Масжиди Калон ва Минораи калон устига ташлардик». Бу чинакам вандализм, ёввойилик, ваҳшийлик, санъатни, маданиятни кўролмаслик. Йигирманчи йилларнинг мудҳиш кунлари ўрта асрлартакрорланмас мафтункор шаҳри Бухоройи шарифни вайронага айлантиришган»,-деди суҳбатдош.
Шавкат Бобожоновнинг билдиришича, собиқ Иттифоқ даврида ҳам Минораи Калонни камситиш одат бўлган. Буюк иншоотни «Минораси» деб айтишган ва китобларга ҳам ёзишган. 1929 йилдан сўнг Минораи Калондан азон айтиш таъқиқланган. Унинг атрофи дидсизлик билан асфальтланган. Минора захга ем бўла бошлаган. У Минораи калоннинг турли босқинларга бардошлилиги ҳақида сўзлар экан, қизил империянинг мўғуллардан кўра, ваҳшийроқ эканини шарҳлайди.
«Минорайи калонни жозибали ҳамда нафис қилиб безаш мақсадида унинг белбоғида ғиштларга шакл бериш йўли билан нақшинкор ҳалқалар ҳосил қилинган. Безаклар бир-бирини асло такрорламайди. Миноранинг белбоғида кўфий ёзувлар билан «Юнус сураси»нинг 107-109-оятлари битилган.Эътибор қилинг, ҳатто, биз тарихда вайронакор сифатида таниган мўғуллар ҳам қизил империя сингари ваҳший ва босқинчи бўлишмаган. Тарихий манбааларда зикр этилишича, 1220 йил мўғул қўйинлари Бухоройи шарифга кирганида, жуда кўп жойларни вайрон қилишган бўлса-да, Бухоро минорасининг баландлиги ва маҳотидан ҳайратда қолиб, унга таъзим айлашган экан. Оятларни ўқиб, иймон келтиришган. Бир сўз билан айтганда, ушбу улуғ меъморий обида кўплаб қонли босқинлардан омон чиққан»,-дейди суҳбатдош.
Нақл қилинишича, Чингизхон Бухорога келиб, барча осори-атиқаларни ер билан яксон қилгач, Минорайи калон қаршисига келиб, унинг тепасига қараганда, бош кийими ерга тушиб кетган. Ва Чингизхон умрида биринчи бор сесканган ва бу улуғ, мўътабар иншоотни бузишга журъат кила олмаган.
«Минораи калон шунчаки тошдан бунёд этилган обида эмас, у – мўйсафид, донишманд Бухоро – ёғийларга бўйин эгмаган, босқинчиларга тобе бўлмаган бетакрор меъморий обидадир. Минораи калон халқаро ташкилотлар томонидан берилган эътибор сабаб ЮНЕСКО ташкилотниниг Бутун Жаҳон ёдгорликлари рўйхатига киритилган», – дейди Шавкат Бобожонов.