Маълумки, Бухоро қадимдан илму маърифат ўчоғи, меъморий обидаларга бой. Бу заминда дунёга машҳур етук алломалар, шоиру уламолар етишиб чиққан. Х асрда Абу Али ибн Сино «Арк» қалъасидаги Сомонийлар кутубхонасидан фойдаланганлигини ёзиб қолдирган. Бугунги кунда тарих нафаси уфуриб турган, ибн Синолар қадами теккан буюк замин сайёҳлар билан гавжум.
Қуйидаги фотолавҳаларда Арк қалъасининг археологик паркига Буюк Британиядан ташриф буюрган сайёҳлар кўҳна Бухоронинг эртакнамо эски шаҳар қисмида жояшган баланд минораю гумбазли масжиду мадрасаларни қизиқиб томоша қилаётганларини, испаниялик меҳмонларимиз эса Арк қалъасининг бундан 103 йил олдин бомбардимон қилинган ҳудудидаги тарихий манбаларда келтирилган бинолар схемаси билан танишаётганларини кўришимиз мумкин. Сайёҳларнинг Бухоро тарихий обидалари ва музейлари бўйлаб саёҳатлари давомида улар кўз ўнгида Шарқнинг кўҳна ҳаёти гавдаланса ажабмас.