Бухоро вилояти прокуратураси томонидан ўтказилган текширишда айрим мансабдор шахслар мактаб болаларини автобусда ташиш ва ҳамроҳлик қилиш ишларини ташкил қилишда қўпол қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйганликлари аниқланган. «Мансабга совуққонлик билан қараш» ҳолати бўйича алоҳида жиноий иш очилган.
Бош прокуратура матбуот хизмати Бухоро вилояти Когон туманида автобус ҳамда юк автомобили иштирокида рўй берган йўл-транспорт ҳодисаси юзасидан маълумот тақдим этди.
Маълум қилинишича, ҳодиса юзасидан Бухоро вилояти ички ишлар тергов органи томонидан Жиноят кодексининг 266-моддаси (Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, дарҳол терговга киришилган.
Бундан ташқари, Бухоро вилояти прокуратураси томонидан ўтказилган текширишда айрим мансабдор шахслар мактаб болаларини автобусда ташиш ва ҳамроҳлик қилиш ишларини ташкил қилишда қўпол қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйганликлари аниқланган.
Ушбу ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 207-моддаси (Мансабга совуққонлик билан қараш) билан жиноят иши қўзғатилди.
«Тергов ҳаракатлари ҳар томонлама, тўлиқ ва холисона ўтказилиши ва натижаси бўйича қонуний қарор қабул қилиниши таъминланади», дейилади хабарда.
Нима бўлганди?
18 март куни Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати Бухоро вилояти Когон тумани ҳудудида автобус ва юк машинаси тўқнашиши оқибатида бир киши ҳалок бўлиб, бир киши жароҳатлангани ҳақида хабар берди. ИИВ маълумотида ўқувчи шифохонада вафот этгани айтилган, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги расмий ахборотида эса у воқеа жойида ҳалок бўлгани маълум қилинди.
Шунингдек, 25 нафар ўқувчига тез тиббий ёрдам кўрсатилган.
Kun.uz манбасига кўра, Когон туманидаги 5-ИДУМ ўқувчилари дарс пайтида Бухоро вилояти драма театрига томошага олиб кетилаётган бўлган.
Bugun.uz маълумотига кўра, мактабнинг 9-10-11-синф ўқувчиларидан иборат 54 нафар ўқувчиси икки автобусда ташилган.
Кўп ўтмай ҳодиса видеоси ижтимоий тармоқларда пайдо бўлди. Унда мактаб ўқувчиларини Бухоро шаҳрига театр томошасига олиб кетаётган автобус бетон қорувчи машина билан тўқнашгани акс этган. Видеода кўринишича, ЙТҲ содир бўлган чорраҳада ўша вақтда светофор ишламаётган бўлган, ҳаракатни тартибга солиш учун эса ЙПХ инспектори ҳам бўлмаган.
Сўнгги маълумотларга кўра, автобус ҳайдовчиси ҳамда жароҳатланган ҳолда шифохонага ётқизилган ўқувчи ҳам вафот этиб, жами қурбонлар сони уч нафарга етган.
Болаларни автобусда ташишда қандай талаблар бор?
Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 4 ноябрдаги тегишли қарори билан «Автомобил транспортида йўловчилар ва багажни ташиш қоидалари» тасдиқланган.
Мазкур қоидаларга кўра, болаларни автобусларда ташиш сутканинг ёруғ пайтида яқин масофани ёритадиган чироқлар ёқилган ҳолда амалга оширилиши керак. Ҳаракат тезлиги йўл, метеорология ва бошқа шароитларга кўра ҳайдовчи (кузатиб борилганда — унинг таъминланиши учун масъул бўлган шахс) томонидан танланади. Бунда барча ҳолларда ҳаракат тезлиги соатига 60 километрдан ошмаслиги керак.
Саёҳат-экскурсияларга олиб боришга ва болаларни ташишга бир марталик буюртмаларга шартномалар ташувчилар томонидан гуруҳга ўқитувчилар ёки махсус тайинланган катта ёшдаги кишилар ҳамкорлик қилиши шарти билан тузилади. Автобуслар колоннаси билан ташилаётган болаларга ҳамроҳлик қилиш учун тиббий ходимлар ажратиш тўғрисидаги масала жойларда соғлиқни сақлаш органлари томонидан қабул қилинади.
Болалар, умумтаълим мактаблари ва ўрта махсус таълим муассасалари ўқувчиларининг экскурсия қилиш, туристик ва бошқа гуруҳлари жўнаб кетиши тўғрисида қарорлар қабул қилиш, қоидага кўра, жўнаб кетиш санасигача 3 суткадан кечикмай қабул қилинади. Жўнаб кетиш учун туман (шаҳар) Мактабгача ва мактаб таълими бўлими рухсатномаси олингандан кейин таълим муассасаси маъмурияти ташувчи билан шартнома тузади.
Шунингдек, мазкур қоидаларда таълим муассасаси маъмурияти ташувчи билан шартнома тузилганидан кейин жўнаб кетиш санасигача уч иш кунидан кечикмай ҳаракатланиш санаси ва қатнов йўлини, шунингдек, барча йўловчилар рўйхатини, автобуслар тўғрисидаги маълумотларни кўрсатган ҳолда ҳамроҳликни ташкил этиш учун буюртманомани ЙҲХ бўлимига киритиши белгиланган.
Аммо Бухородаги ҳолатда мактаб маъмурияти мазкур қоидаларга амал қилмаган.