Инсон дунёга келибдики, яшаш учун ҳаракат қилади, аммо шу ҳаракат ҳалол бўлгандагина баракали бўлар экан. З.Салихова алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан ўзганинг мол-мулкини талон-тарож қилиб, такроран фирибгарлик жиноятларини содир қилган. Бу фуқаро бир неча кишининг ишончига кириб,уларни алдаб, ўз шахсий харажатларини ёпиб келган.Чунончи, у 2021 йил сентябрь ойидан 2022 йил май ойига қадар бўлган вақт оралиғида содир қилган фирибгарлик жиноятлари учун судланмасдан туриб, алдаш ва ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан ўзганинг мол-мулкини талон-торож қилиш мақсадида фуқаро Тағоева Феруза Фозиловнани алдаб, унинг ишончига кириб, ўзини номига кредит расмийлаштириб олмоқчи эканлигини ва ушбу кредитни олишига кафил бўлишини айтиб, кредит маблағларини ўзи муддатида тўлаб боришига ва тўлов давомида муаммо бўлмаслигига ишонтириб, 2021 йил 26 январь куни Бухоро шаҳар М.Иқбол кўчаси 10-уйда жойлашган АТИБ “Ипотека банк” Бухоро филиалига Ф.Ф.Тағоевани олиб бориб, Ф.Ф.Тағоеванинг номига 3 йил муддатга 26 фоиз тўлаш шарти билан 22.000.000 сўмлик истеъмол кредитини расмийлаштириб олишга эришиб, кредитни Ф.Ф.Тағоеванинг номига расмийлаштирганини яшириб, Ф.Ф.Тағоеванинг номига банк томонидан ажратилган 22.000.000 сўм пулларга турли савдо дўконларидан маиший техника буюмларини олиб, алдов йўли билан қўлга киритган маиший техника буюмларини бошқа шахсларга сотиб, пулларини ўзининг шахсий эхтиёжлари учун сарфлаб юбориб, ваъда қилинган кредит тўловларини тўламасдан келганлиги сабабли Ф.Ф.Тағоева томонидан 4.489.609.89 сўмлик кредит қолдиғи ва ушбу кредитга ҳисобланган муддати ўтган кредит тўлови биргаликда (муддати ўтган асосий қарз, муддати ўтган кредит фоизи, пеня) 12.803.148,65 сўмлик тўловларни тўланмасдан келишига сабабчи бўлиб, жабрланувчи Ф.Ф.Тағоевага жами 27.292.758 сўмлик моддий зарар етказиб, фирибгарлик жиноятини содир қилган.
Бундай алдовлар турли хил шаклда амалга оширилган, кимнингдир номига банкдан кредит, кимнингдир номига савдо дўконларидан маиший техника жиҳозлари, кимдандир қайтариш эвазига қарзга пул олиш ва албатта буларнинг бирортаси ҳам ўз вақтида қайтарилмаган. Охир оқибат алданганлигини тушуниб етган фуқаролар тегишли органларга мурожаат қилишган.
Азиз юртдошлар, аввало эътиборли, эҳтиёткор бўлиш замон талаби. Айтишадику “Ўзинга эҳтиёт бўл, қўшнингни ўғри тутма”-, деб.
Биз кимнидир ҳожатини чиқариб савоб олмоқчи бўлсак, яхшиликни унга эҳтиёжи бор инсонларга қилишимиз лозимдир.
Фуқаро З.Салихова каби фирибгарлик қилиб баракага эришиб бўлмайди, фирибгарлик билан орттирилган бойлик ҳеч кимга татимайди, Зеро ҳалолликда гап кўп!
Махмуд Арипов,
Жиноят ишлари бўйича Қоровулбозор туман суди раиси