Рўзадор сахарликда истеъмол қилган озуқаси оғиз ёпилгандан сўнг кекирганда томоқ йўли орқали оғзига қайтиб чиқса ва уни қайта ютса рўзаси бузиладими?
💬 ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.
Рўзадор қасддан қайт қилмаса рўзаси очилмайди. Агар қасддан, ўзини-ўзи қайт қилдирса рўза очилади. Бунга қуйидаги ҳадис далилдир:
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким рўзадор бўлсаю, унга қайт ғолиб келса, қазо қилиш вожиб эмас. Агар ўзи хоҳлаб қайт қилган бўлса, қазо тутсин”, деганлар” (Имом Термизий ривояти).
Агар қайт рўзадорнинг ихтиёрисиз ўзи ютилиб кетсаю, қайтнинг миқдори оғиз тўладигандан оз бўлса рўза бузилмайди. Бу ҳақда Имом Сарахсий раҳимаҳуллоҳ шундай дейдилар:
яъни: “Қайт рўзадорга ғолиб келсаю, оғиз тўлмайдиган миқдорда қайт қилса ва беҳосдан ютилиб кетса унинг рўзаси бузулмайди. Бунга уламолар иттифоқ қилишган” (“ал-Мабсут”).
Агар қайтнинг миқдори оғиз тўладиган даражада кўп бўлса ва ўзи беҳосдан ютилиб кетса Имом Абу Юсуф (р.а.)га кўра рўза бузилади ва қазо вожиб бўлади. Имом Муҳаммад (р.а.)га кўра эса рўза бузилмайди. Рўзадор ушбу ҳолатда қайъни ютмасликка имкони бор бўла туриб, ютиб юборса унинг рўзаси бузилишига уламоларимиз иттифоқ қилишган.
Қайтда оғиз тўлиш миқдори борасида ҳам уламоларимиз турли қарашларни айтиб ўтишан. Жумладан, Бурҳониддин ибн Моза ал-Бухорий бу ҳақда шундай деганлар:
“Қайтда оғиз тўла бўлишининг чегараси уни оғизда ушлаб тура олмаслик билан белгиланади. Баъзи ўринларда эса уни “Оғиздан чиқариб ташлашдан бошқа чора қолмаган”лик билан изоҳланган. Фақиҳ Абу Жаъфар Ҳиндувоний: “Қайтда оғиз тўлиши – у билан киши гапира олмай қолиши билан ўлчанади” деган” (“ал-Муҳийтул Бурҳоний”).
РЎЗАДОРНИНГ ҚАЙТ ҚИЛИШИ
Фикр билдириш
Фикр билдириш