Рамазон ойида рўза тутишни ният қилгандим, аммо эмизикли болам бор. Бундай ҳолда рўза тутсам бўладими?
💬 ЖАВОБ:
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.
Ҳомиладор ёки эмизикли аёл рўза тутганда боласига ёки ўзининг жонига зарар етишидан қўрқса, рўза тутмайди ва кейинчалик рўзанинг қазосини тутиб беради. Бу ҳақида мўътабар манбаларимизда қуйидагича дейилган:
“Ҳомиладор ва эмизикли аёл ўз жонига ёки боласига зарар етишидан қўрқса, рўзани очади ва (имкон бўлганда) қазосини тутади. Уларга рўзани очгани учун каффарот лозим бўлмайди. Зеро, “Хулоса”да шундай дейилгандир” (манба: “Фатавои ҳиндия”).
Бошқа бир манбаъда шундай дейилади:
яъни: “Ҳомиладор ва эмизикли аёл боласи ёки ўзига зарар етишидан қўрқса, рўзани очиши жоиз бўлади. Бу рухсат қийинчиликни кетказиш учундир. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта, Аллоҳ мусофирдан рўзанинг (ҳаммасини) ва намознинг ярмини, ҳомиладор ва эмизикли аёлдан рўзанинг (ҳаммасини) кўтарган”, деганлар (Имом Насаий Анас ибн Моликдан ривоят қилган). Ҳомиладор ёки эмизикли аёлнинг рўзани очиши зарардан қўрқишга боғлаб қўйилди. Бу қўрқув ё тажрибалар натижасида пайдо бўлган ғолиб гумон билан ёки мусулмон, моҳир табибнинг хабар бериши билан юзага келади. Фатавои Зоҳирияда шундай келган. Агар ҳомиладор ёки эмизикли аёл боласи ё ўзининг жонига зарар етишидан қўрқмаса, рўзани очишига рухсат берилмайди” (манба: “Баҳрур-роиқ”).
Демак, ҳомиладор ёки эмизикли аёл рўза тутса боласига ёки ўзининг жонига зарар етишини тажриба орқали билса, ёки буни тажрибали, билимдон мусулмон (дин-диёнатли) тиббиёт ходими хабар берса, рўза тутмайди. Имкон топганда қолдирилган кунларни ҳар бир кунига бир кундан қазосини тутиб беради.
Шуни ҳам таъкидлаб ўтиш керакки, ҳомиладор ва эмизикли аёллар рўза тутмаганлари учун фидя бермайдилар. Чунки улар келажакда рўзанинг қазосини тутишга қодир ҳисобланадилар.
Ҳомиладор ва эмизикли аёллар боласи ёки жонига зарар етмайдиган бўлса, рўза тутишлари шартдир. Уларга юқоридаги рухсатлар тегишли ҳисобланмайди. Айниқса болалари таом ейишга ўрганган эмизикли аёллар бу борада тақво билан иш тутишлари лозим бўлади.
ҲОМИЛАДОР ЁКИ ЭМИЗИКЛИ АЁЛНИНГ РЎЗА ТУТИШИ
Фикр билдириш
Фикр билдириш