Мен айни пайтда олийгоҳда талабаман. Шунинг учун рўза тутишга қийналаман. Бир китобда рўза тутишга қийналадиган киши ифторлик қилиб бериш керак деб, ўқиган эдим. Агар мен дўстларимга ифторлик қилиб берсам рўза тутганлик савобини оламанми?
💬 ЖАВОБ:
Динимизда мўмин-мусулмонлар Рамазон ойи рўзасини тутишга буюрилганлар. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:
яъни: “Эй, имон келтирганлар! Сизлардан олдинги (уммат)ларга фарз қилингани каби сизларга ҳам рўза тутиш фарз қилинди, шояд (у сабабли) тақволи бўлсангиз” (Бақара сураси, 183-оят).
Рамазон ойида рўза тутиш Исломнинг беш асосий устунларидан биридир.
Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ислом беш нарса устига қурилгандир: “Лаа илаҳа иллаллоҳ ва анна Муҳаммадан Расулуллоҳ” калимаси, намозни адо этиш, закот бериш, Байтуллоҳни ҳаж қилиш, Рамазон рўзасини тутиш”, дедилар (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).
Рамазон рўзаси соғлом, муқим, оқил ва балоғатга етган ҳар бир мусулмонга фарздир. Рўза тутишни ният қилиш, рўзани бузадиган амаллардан узоқ бўлиш ва аёлларнинг ҳайз ва нифосдан пок бўлишлари рўзанинг тўғри бажариш шартларидан саналади.
Рамазон рўзасини тутган банда бўйнидаги бандалик мажбуриятни бажарган бўлади ва охиратда Аллоҳ таоло томонидан улуғ мукофот ва ваъда қилинган неъматларга эришади. Уни адо этишга лаёқатли бўла туриб, тарк қилган киши эса қаттиқ гуноҳкор бўлади ва охиратда азобга қолади. Ривоятларда Рамазон рўзасини узрсиз қолдирган кимса бутун умр рўза тутса ҳам, ўша қолдирган бир куннинг ажрини топа олмаслиги таъкидланган.
“Кимки узрсиз ва касал бўлмасдан Рамазондан бир кунини рўза тутмай ўтказса, унинг қазосини умр бўйи тутган рўзаси ҳам тўлдира олмайди” (Имом Насоий ривояти).
Касал, мусофир, ҳайз ва нифос кўрган аёллар, рўза тутиш ўзига ёки боласига зарар берадиган ҳомиладор ва эмизикли аёллар кейинчалик қазосини тутиб беради.
Шариатимиз икки тоифа кишиларни рўза тутмасликлари ва унинг ўрнига Рамазоннинг ҳар бир куни учун фидя беришларига рухсат берган:
1) Қарилик сабабли умуман рўза тутишга ярамайдиган, кундан-кунга жисмонан заифлашиб бораётган ёши улуғ кексалар.
2) Сурункали касал бўлиб, одатда тузалишига умид бўлмаган ва рўза тутиш уларнинг саломатлигига жиддий зиён етказиши мумкин бўлган беморлар. (Фидя ҳақида тўлиқ маълумотни қуйидаги линкдан олишингиз мумкин: https://t.me/diniysavollar/287).
Ушбу икки ҳолатга тушмаган мусулмон киши Рамазон рўзасини тарк қилиши ва унинг ўрнига фидя бериши мутлақо мумкин эмас. Рўза тутиш сабабидан иш ёки ўқишда қийинчиликка дуч келиш каби важлар шаръий узрга ўтмайди. Дўстларига ифтор қилиб бериш билан зиммасидаги фарз рўза адо бўлмайди.
РАМАЗОН РЎЗАСИНИ ТУТМАСАМ ҲАМ БЎЛАДИМИ?
Фикр билдириш
Фикр билдириш