“Педагогнинг мақоми тўғрисида”ги Қонун Президент томонидан имзоланди.
Қонун билан педагогларнинг ҳуқуқлари, мажбуриятлари, фаолиятининг асосий кафолатлари, меҳнатига яраша ҳақ тўлаш, рағбатлантириш ва ижтимоий ҳимоя қилиш тамойиллари белгиланди.
Умумий ўрта таълим ташкилотида илк бор касбий фаолиятини бошлаётган шахсга бир ўқув йили даврига мураббийликни амалга ошириш учун тажрибали педагог бириктирилади.
Қонунга кўра, жумладан, қуйидагилар тақиқланади:
➖ педагогни касбий фаолияти билан боғлиқ бўлмаган ишларга, шу жумладан ҳудудларни ободонлаштиришга ва қишлоқ хўжалиги ишларига жалб қилиш;
➖ педагогдан унинг касбий мажбуриятларигатааллуқли бўлмаган ҳисоботларни ва бошқа маълумотларни, шу жумладан битирувчиларнинг бандлиги таъминланганлиги ҳақидаги ҳисоботларни шакллантиришини ва тақдим этишини талаб қилиш;
➖ педагогнинг зиммасига товар ва хизматларни сотиб олиш мажбуриятини юклаш, шу жумладан иш ҳақидан унинг ёзма розилигисиз товар ва хизматлар учун маблағ ушлаб қолиш.
“Педагогнинг мақоми тўғрисида”ги Қонунга кўра, қуйидаги шахсларнинг педагогик фаолият билан шуғулланишига йўл қўйилмайди:
➖қонуний кучга кирган суд ҳукмига мувофиқ педагогик фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқидан маҳрум этилган шахслар;
➖қонунчиликда белгиланган тартибда суд томонидан муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб топилган шахслар;
➖педагогик фаолиятни амалга оширишга тўсқинлик қиладиган касалликлари бўлган шахслар;
➖психиатрия ёки наркология муассасаларида ҳисобда турган шахслар.
❗️Қасддан содир этилган жиноят учун илгари судланган шахсларни педагогик фаолият билан боғлиқ лавозимларга қабул қилиш ман этилади.