Аёлим билан ўртамизда юзага келган келишмовчилик оқибатида
ота-онасининг уйига кетиб қолди, кейинчалик суд томонидан икки нафар фарзандларим вояга етгунга қадар алимент ундириш ҳақида суд буйруғи қабул қилинди. Шунга қарамай турмуш ўртоғим 1 нафар фарзандим 3 ёшга тўлмаганлиги важи билан ўзига ҳам алимент ундириш талаби билан судга мурожаат қилмоқда. Шу тўғрими ?
Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 117-моддасига кўра,
эр-хотин бир-бирига моддий ёрдам бериши шарт. Бундай ёрдам беришдан бош тортилган тақдирда, ёрдамга муҳтож, меҳнатга лаёқатсиз эр ёки хотин, шунингдек хотин ҳомиладорлик даврида ва ўртада бола туғилган кундан эътиборан уч йил давомида, ўртадаги ногиронлиги бўлган болани у ўн саккиз ёшга тўлгунига қадар парваришлашни ёки болаликдан I гуруҳ ногиронлиги бўлган ўртадаги болани парваришлашни амалга оширган, ёрдамга муҳтож бўлган эр (хотин) ёрдам беришга қодир бўлган хотиндан (эрдан) суд тартибида таъминот (алимент) олиш ҳуқуқига эга.
Ушбу Кодекснинг 119-моддасига мувофиқ, эр-хотин (собиқ эр-хотин) ўртасида алимент тўлаш тўғрисида келишув мавжуд бўлмаган ҳолларда эр ёки хотинга (собиқ эр ёки хотинга) суд тартибида ундириб бериладиган алимент миқдори суд томонидан эр ёки хотиннинг (собиқ эр ёки хотиннинг) моддий ва оилавий аҳволини ҳамда тарафларнинг эътиборга лойиқ бошқа манфаатларини эътиборга олиб, ҳар ойда пул билан тўланадиган қатъий суммада белгиланади, бироқ бу сумма қонунчиликда белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 11,75 фоизидан кам бўлмаслиги лозим.
Шу боис турмуш ўртоғингиз фарзангиз уч ёшга тўлмаганлиги асоси билан суд тартибида таъминот (алимент) олиш ҳуқуқига эга.
Суд амалиётидан, даъвогар Р жавобгар Сга нисбатан судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, 1 нафар фарзанди 3 ёшга тўлмаганлиги асоси билан алимент ундириш талабини илгари сурган.
Маълум бўлишича, даъвогар Р ва жавобгар Слар 2022 йилда қонуний никоҳдан ўтиб турмуш қуришган. 2 нафар вояга етмаган фарзандлари бор.
Суднинг ҳал қилув қарори билан даъво талаби қаноатлантирилиб, жавобгардан даъвогарнинг фойдасига фарзанди 3 ёшга тўлгунга қадар ҳар ой сайин таъминот (алимент) ундирилиши белгиланди.
Ўткир Разиков,
Фуқаролик ишлари бўйича Пешкў туманлараро судининг раиси
Максад Матякубов,
Фуқаролик ишлари бўйича Пешкў туманлараро судининг судьяси