Кейинги пайтларда ёшлар орасида ножўя хатти-ҳаракатлар қилаётган, ўз юриш-туриши ва хулқи билан бошқалар тинчини бузаётган, энг ёмони ахлоқ-одоб меъёрларини бузган ҳолда қилган ножўя ишларини ижтимоий тармоққа жойлаб, буни оммага кўз-кўз қилаётган ўсмирлар кўпайиб қолди. Иш жиддий тус олиб, ҳуқуқ тартибот идоралари назоратига ўтганидан сўнг бу ёшларнинг тарбиясига, юриш-туришига масъул катталар майдонга чиқишаяпти. Узр сўраб, бу каби ҳолатлар такрорланмаслигини таъкидлашаяпти. Бироқ, ғишт қолибдан кўчганида узр ёки кечирим сўраш билан масала ҳал бўлиб қолмайди. Тарбия тизгини доимо назоратли қўлларда бўлмас экан, ноқобил фарзандлар ўз яқинларининг юзларини шувит қилаверадилар.
Азизбек Айназаров ва Неъмат Суннатиллаев (исм-фамилиялар шартли равишда ўзгартирилган) лар ҳали йигирма ёшга ҳам тўлишмаган. Тумандаги коллежни битиришганига қарамай, уларнинг ҳеч бири тайинли бир ишнинг этагини тутишмаган. Асосий вақтларини ижтимоий тармоқ ва ўйинлар билан ўтказиб келаётган бу икки йигит вақт алламаҳалгача кўчада тентирашдан завқ олиб келишган. Қизиғи, уларнинг ота-оналари ўз фарзандларининг кун бўйи нималар билан машғул бўлишларини, вақтларини кимлар билан ўтказишларини билишмаган, бу билан қизиқишмаган.
Бир куни Неъмат Азизбекка бир бола уни хафа қилганини, дўст сифатида ўша боланинг “танобини тортиб қўйиши”ни сўрайди.
-Миямга бир фикр келди, – дейди Азизбек шеригига. – Ўша боланинг бурнини ерга ишқаш муаммо эмас, буни бажарамиз. Лекин қиладиган ишимиз эсда қоладиган бўлиши керак. Мен яна уч-тўртта бола топаман. Биз у болани копток қилаётганимизда, сен телефонингда тасвирга оласан. Кейин бу видеони интернетга жойлаймиз.
-Зўр ўйлабсан, жўражон. Каллангга қойил. Мана кўрасан, машҳур бўлиб кетамиз,-уни қувватлади иккинчиси ҳам.
Неъмат келишилганидек ўзини хафа қилган болани туман марказидаги кўздан панароқ жойга чақириб олади. Хуллас, улар ўзлари олдиндан режалаштирганларидек иш тутиб нотаниш болани ўртага олиб калтаклашади. Неъмат эса қўл телефонида буларни видео тасвирга олади. Ўша куни видеони монтаж қилиб, унга махсус эффектлар қўшиб “Инстаграм” ижтимоий тармоғига жойлашади.
Шунча ишга ақллари етган бу болалар ҳар бир ҳуқуқбузарлик қонун билан жавобгарликка сабаб бўлишини идрок этмаганликлари бироз тушунарсиз. Ҳарқалай, улар судда “мен бундай бўлишини билмагандим”, дея ўзларини оқлашга уринганликлари ҳеч қандай фойда бермади.
Суд томонидан ҳар иккала ҳуқуқбузарга Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг тегишли моддалари қўлланган ҳолда бир йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.
Я.НИЁЗОВ,
жиноят ишлари бўйича Когон шаҳар суди судъяси