Мамлакатимиз мустақил ривожланиш йиллари давомида аёлларнинг ҳуқуқлари ва уларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича катта муваффақиятларни қўлга киритди. Ўз-ўзидан аёнки, республикамизнинг ижтимоий-сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий ҳаётида хотин-қизларнинг фаол иштирок этишини таъминлаш соҳасидаги салмоқли муваффақиятларининг аҳамияти ҳам салмоқлидир. Умуман, Ўзбекистонда хотин-қизларнинг жамиятдаги ўрни ва мавқеини мустаҳкамлаш борасида давлат аҳамиятига молик салмоқли ишлар амалга ошириб келинмоқда. Зеро, жамият ривожини хотин-қизларсиз, уларнинг иштирокисиз тасаввур этиб бўлмайди. Шу боис аёлларнинг оилада ҳам, давлат ва жамоат ишларида ҳам эмин-эркин фаолият юритишлари, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини рўёбга чиқариш йўлида мамлакатмиз миқёсида қатор чоратадбирлар ишлаб чиқилиб, ҳаётга жорий этилмоқда. Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан 2018 йил 2 февраль куни имзоланган «Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятини тубдан такомиллаштириш чоратадбирлари тўғрисида»ги Фармон ҳам бу борадаги саъй-ҳаракатлар самарадорлигини яна бир янги босқичга олиб чиқувчи муҳим тарихий ҳужжат бўлди. Фармонда Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитасининг жамият ҳаётидаги фаоллигини ошириш, хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш мақсадида қўмита фаолиятининг устувор йўналишлари белгилаб берилди. Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ва унинг ҳудудий бўлинмаларининг янгиланган тузилмалари тасдиқланди. Шу ўринда, Ўзбекистонда ушбу йўналишдаги меъёрий-ҳуқуқий базани ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишларга тўхталиш мақсадга мувофиқ бўлади. Ўтган йиллар мобайнида аёллар манфаатларини ҳимоя қилишга йўналтирилган қарийб 100 та миллий ва халқаро ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди ва ратификация қилинди.
Маълумки, мамлакатимиз Конституцияси аёлларнинг фундаментал ҳуқуқлари ҳимоясини кафолатловчи энг муҳим ҳужжат ҳисобланади. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамасининг қатор фармон ва қарорлари, жумладан, Давлат ва жамият қурилишида аёлларнинг ролини ошириш тўғрисида, Она ва бола саломатлигини муҳофаза қилиш, соғлом авлодни шакллантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида ва бошқа кўплаб ҳужжатлар бор. Ҳар йили муайян йўналишда қабул қилинаётган махсус давлат дастурларининг ҳаётга татбиқ этилиши доирасидаги режали ишлар маълум даражада аёлларимизнинг ҳаёт шароити ва сифатини яхшилашга ҳам алоқадордир. Бундан ташқари, Ўзбекистон БМТ ва Халқаро Меҳнат ташкилотининг қатор конвенцияларини Марказий Осиёда биринчилардан бўлиб ратификация қилган. Улар орасида Хотин-қизлар ҳуқуқлари камситилишининг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисида, Оналикни ҳимоя қилиш тўғрисида, Меҳнат ва иш турлари соҳасида камситишлар тўғрисидаги ва бошқа ҳужжатлар мавжуд.
Шарқ халқлари мутафаккирлари Алишер Навоий, Ибн Сино, Ал Бухорий, Фаробий ва бошқалар ўз асарларида комил инсонни юзага келишида аёлларнинг ўрни муҳим эканлиги кўп бора таъкидланган. Лекин ўтган асрларда аёлларнинг ҳуқуқлари эркакларникидан анчагина пастда эди. Замон ривожланган сари дунёда аёлларнинг ўрни ошиб борди. Аёлларнинг кучли жинс вакиллари билан тенгма-тенг ҳуқуққа эга бўлиш жараёни юртимизда XX аср бошларидан авж олди. Сабаби фарзанд тарбиялаётган оналарнинг ўзлари ҳам зиёли бўлиши лозимлигини кўпчилик тушуна бошлаган эди. Турмуш ва оила одобларига оид рисолалар кенг тарқала бошлади. Аёлларимиз ҳам оилани, ҳам касб-ҳунарни бирдек бошқариб, жамият учун керакли шахсларга айландилар. XIX аср охири ва XX аср бошларининг етакчи маърифатпарварлари М.Беҳбудий, А.Фитрат, А.Авлонийлар хотин-қизларнинг жамиятдаги ўрни борасида кенг фикрлар билдирдилар. Масалан, Фитратнинг “Оила” асарида шундай фикрлар бор: Аёлларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллиги миллий озодлик, эрк учун зарур: аёллар фақат уй-рўзғор, бола тарбияси билан банд қолмаслиги керак, – дейди. Аёлларнинг ҳуқуқлари албатта, дин ва миллий қадриятлар билан ҳам боғлиқдир. Ислом дини кириб келгунга қадар қизлар туғилибоқ тириклайин ўлдирилгани кўпчиликка маълум. Муқаддас Ислом дини ҳамиша аёлларни эъзозлашга буюради. Жаннат оналар оёғи остидадир, деган нақл асрлар оша ўз мавқени йўқотгани йўқ. Ислом таълимоти аёлларни илм олиш, меҳнат қилиш, мерос ҳуқуқи, жамият тараққиётида фаол қатнашишда эркаклар билан тенг ҳуқуқли қилди. Ҳадисларда илм олиш ҳар бир муслим ва муслимага хосдир, дейилган. Исломда оила, никоҳ, мерос масалаларида аёлга кўпроқ ён берилади, никоҳсиз яшашга рухсат берилмай, шу тариқа аёлнинг ҳуқуқи таъминланади. Никоҳ шартларидан бўлмиш маҳр ҳам айнан аёлларнинг фойдаси учун жорий этилган.
Ўзбекистоннинг мустақиллик йилларида хотин қизларга эътибор давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Оила кодексида турмушда, оилавий муносабатларда аёлларнинг эркаклар билан тенг ҳуқуқли экани, оила давлат томонидан муҳофаза этилиши ўз аксини топган. Шу вақтга қадар аёллар ҳуқуқи ҳимояланган кўплаб қонун хужжатлари қабул қилинди. Айниқса, хотинқизларимизни иш билан таъминлаш, табдиркорлик қилишларига эркинлик бериш, рағбатлантириш борасида сезиларли ишларни кузатиш мумкин. Меҳнат кодексида ҳомиладор ёки уч ёшга тўлмаган боласи борлигини важ қилиб, ишга қабул қилмасликка ҳаққи йўқлиги келтириб ўтилган. Аёллар туғруқдан сўнг иш ўрнини йўқотмаган ҳолда бола парваришлаши, сўнг ишга қайтиши мумкин. Туғруқ таътили пайтида уни ишдан бўшатиб юбориш мумкин эмас. Шунингдек, аёлларимизни алдов йўли билан хорижда ноқонуний ишлашга олиб кетиш, уларни камситиш ва хўрлашга қарши жадал ишлар олиб борилади. Юртимиз БМТнинг аёлларнинг ҳуқуқлари, эркинларига оид барча ташаббусларини қўллаб-қувватлаб келган. Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ҳам аёлларимизнинг жамиятдаги ролини ошириш учун хизмат қилмоқда. Уларнинг дарду фикрини тинглаб, ўз йўлларини топишга хизмат қилишмоқда. Лекин шундай ҳолатлар ҳам бўладики, аёл тушкунликка тушиб қолади, ҳуқуқларини билмай хўрланади, яқинлари томонидан жазоланади, ўқиб таълим олишга имкон тополмайди, иш излаб сарсон бўлади, фарзандлари билан ёлғиз қолади ва ҳакозо. Айнан шундай пайтларда жамият аёлни ёлғизлатиб қўймаслиги керак. Шу мақсадда аёллар учун психологик марказлар, маслаҳатхоналар, тиббий, моддий, ҳуқуқий ёрдам ташкилотлари кўпайтирилса, улар аёлларнинг муаммоларини ҳал этишга сидқидилдан ёрдам берсалар, жамиятда бахтсиз аёллар сони ошмайди. Мазкур муҳим масалаларга мажмуавий ёндашув туфайли ана шундай натижалар қўлга киритилмоқда. Чунки мамлакатимизда нафақат мустаҳкам ҳуқуқий замин, балки самарали институционал база ҳам мавжуддир. Мисол тариқасида Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси фаолиятини кўрсатиш мумкин. Мазкур жамоатчилик ташкилоти аҳолининг ушбу қатламини қўллаб-қувватлаш ва уларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг самарали механизмига айланган.
Давлат бошқарувида аёлларнинг иштироки борган сари фаол тус олмоқда. Хусусан, бугунги кунда Олий Мажлис Сенати аъзоларининг 17 фоизи, Қонунчилик палатаси депутатларининг 16 фоизи хотин-қизлардан иборат. Бундан ташқари, сўнгги йиллар давомида ижро ҳокимияти идораларида ҳам аёлларнинг фаолият юритиш кўрсаткичлари 5 баробарга ошди – 3,4 фоиздан 16 фоизга етди. Аёллар қаноти тузилгани боис мамлакатдаги сиёсий партияларда хотин-қизларнинг сони ҳам ошди. Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси маълумотларида қайд этилишича, ҳозирги пайтда Ўзбекистон Либерал демократик партиясида уларнинг сони 35 фоиздан 38 фоизга, Миллий тикланиш демократик партиясида 40 фоиздан 46 фоизга, Халқ-демократик партиясида 41 фоиздан 56 фоизга, Адолат социал демократик партиясида 38 фоиздан 49 фоизга етди.
Маҳаллий ўзини-ўзи бошқариш органлари ва маҳалла тизимларида ҳам аёллар иштироки кенгайди. Масалан, кейинги даврда бандлик тизимидаги хотин-қизлар ҳиссаси 44 фоиздан 45,7 фоизга ўсди. Ўз бизнесини очаётган ва салмоқли муваффақиятга эришаётган тадбиркор аёлларнинг сони ҳам ошиб бормоқда. Сўнгги маълумотларга кўра, кичик корхоналар раҳбарларининг 40,4 фоизини, мўъжаз тадбиркорлик субъектлари раҳбарларининг 13,7 фоизини хотин-қизлар вакиллари ташкил этмоқда. Шуни ҳам қайд этиш жоизки, соғлом авлод тарбиясида аёллар ўта муҳим ўрин тутиши инобатга олинган ҳолда Ўзбекистонда уларни ижтимоий жиҳатдан қўллаб-қувватлашга йўналтирилган қатор дастурлар қабул қилинган. Жумладан, ишламайдиган оналарга 2 ёшгача болани парвариш қилиш учун нафақа тўланмоқда. Бундан ташқари, меҳнат шартномаларида ҳомиладорлиги ва фарзанд кўрганлиги туфайли аёлларга моддий ёрдам кўрсатиш, 2 ёшдан 3 ёшгача болалари бўлган аёлларга ҳақ тўланадиган таътил бериш, 3 ёшдан кичик бўлган болали аёллар иш вақтини бир соатга қисқартириш сингари имтиёзлар ўз ифодасини топган.
Мамлакатимизда ҳуқуқий демократик давлат ва кучли фуқаролик жамияти барпо этилаётган бир шароитда аёллар ижтимоий ва сиёсий фаоллигининг ўсиши жуда муҳим омил ҳисобланади. Кундек равшанки, Ўзбекистонда мустақил тараққиёт йиллари мобайнида бу йўлда салмоқли натижалар қўлга киритилди. Шубҳа йўқки, аёлларга яшаш, меҳнат қилиш ва ёш авлодни тарбиялашлари учун яратилган ва яратилаётган қулай шароитлар бундан кейин ҳам мамлакатимизнинг янада залворли муваффақиятларни забт этишига хизмат қилиши шубхасиз.
Азиз Шарипов,
Фуқаролик ишлари бўйича Ғиждувон туманлараро судининг судьяcи
Нурбек Рахимов,
Бухоро вилоят судининг бош консультанти