Бугун юртимизнинг барча ҳудудларида 8 декабрь — Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 31 йиллиги шодиёналари арафасида “Қишлоқ хўжалиги ходимлари” куни ва анъанавий “Ҳосил байрами” кенг нишонланмоқда.
Жумладан, Ромитан туманида ҳам эрта тонгдан туман марказида жойлашган “Марказий ўйингоҳда” аграр соҳа заҳматкашлари касб байрами муносабати билан “Ҳосил байрами” тадбири бўлиб ўтди.
Тадбирда туман ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари Аброр Рахматов сўзга чиқиб, бугунги тантана билан барчани табриклаб, қишлоқ хўжалиги фидоийлари, деҳқон ва фермерлар, туманнинг барча меҳнаткашларига миннатдорлик билдирди.
Тантанали маросимда 2023 йил туманда қишлоқ хўжалиги соҳасида муносиб ҳисса қўшган, миришкор деҳқон ва фермерлар, заҳматкаш чорвадор ва пиллакорлар, моҳир сувчи ва ирригаторлар, ўз ишининг ҳақиқий устаси бўлган механизатор ва агрономлар, отряд раҳбарлари, илғор теримчилар, соҳанинг жонкуяр фидоийлар меҳнати эътироф этилди.
Соҳа фидоийлари мутасаддилар томонидан бир гуруҳ қишлоқ хўжалиги ходимларига “Намунали томорқачи” кўкрак нишони ва “Илғор фермер” кўкрак нишонлари топширилди.
Шундан сўнг Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, элимиз суйган санъаткор Баҳром Назаров ҳамда туман Маданият бўлимининг хушовоз хонандалари иштирок этиб, ўзларининг дилтортар санъатлари билан туманимиз аҳолисига хуш кайфият улашмоқда.
Туман меҳнаткашларининг 2023 йилги қишлоқ хўжалик мавсумининг муваффақиятли якунларига бағишланган анъанавий “Ҳосил байрами” тадбирлари давомида ўзбек миллий кураши бўйича ташкил қилинган мусобақаларда вилоят полвонлари, юртимизнинг бошқа ҳудудларидан келган маҳоратли курашчи йигитлар иштирок этишди. Бундан ташқари Моҳир шашликпазларимиз томонидан “Шашлик фестивали” ҳам ташкил этилди.
Халқ сайли тарзида ташкил этилган ушбу тадбирлар туман аҳли ва туманга ташриф буюрган меҳмонларга кўтаринки кайфият бағишлади.