Азиз устозлар!
Қадрли ўқитувчи ва мураббийлар!
Аввало, барчангизни мамлакатимиз ҳаётидаги қутлуғ сана — “Ўқитувчи ва мураббийлар куни” билан самимий муборакбод этаман.
Дунёда шундай касб эгалари борки, уларсиз ҳаётимизни тасаввур қилиш қийин. Ўқитувчилар эса ҳаётимиз чароғбонларидир. Ким бўлмайлик, қайси соҳада ишламайлик, барчамизга муаллимлар таълим ва тарбия беришган.
Халқимизда “Устоз отангдек улуғ”, деган сўз бор. Кимки бу ҳаётда бирор ютуққа эришса, касбидан эъзоз топса, унинг қалбида устозларига, биринчи ўқитувчисига бўлган ҳурмат абадий муҳрланади.
Шунинг учун ҳам сизлардан таълим ва тарбия олган, ўзини олдингизда умрбод қарздор деб ҳис этадиган барча инсонлар номидан Сизларга ҳар қанча миннатдорлик билдирсак шунча оз. Ҳаёт бор экан, ўқитувчилик касби ўзининг маъно-мазмуни ва олижаноблигини, аҳамияти ва ҳурматини ҳеч қачон йўқотмайди.
Муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг “Сизларнинг ёшларимиз қалби ва онгига она Ватанга муҳаббат ва садоқат туйғусини сингдириш, уларни турли таҳдидлардан асраш, комил инсон этиб вояга етказиш йўлидаги беқиёс хизматларингизни барча ота-оналар, жамоатчилигимиз, бутун халқимиз яхши билади ва юксак қадрлайди”, —деган сўзлари фикри-мизнинг яққол тасдиғидир.
Биз шу қутлуғ айёмни кенг нишонлар эканмиз, Сизларнинг ёш авлодга билим беришдек мураккаб, аммо шарафли меҳнатингиз учун барчамиз самимий миннатдорчилик билдиришни ўзимизнинг муқаддас бурчимиз деб биламиз.
Қадрли устозлар! Азиз тумандошлар!
Бизнинг асосий мақсадимиз дунёдаги тараққий топган демократик давлатлар қаторига кириш, халқимиз учун эркин ва фаровон ҳаёт қуришдан иборат. Ана шу вазифани сидқидилдан уддалайдиган билимли ва истеъдодли, ҳеч кимдан кам бўлмаган навқирон авлодни тарбиялаш бугунги кунда давлат сиёсати даражасига кўтарилган. Бу борада сиз фидойи ўқитувчи ва мураббийларнинг заҳматли меҳнатингиз ҳар қанча мақтовга лойиқ.
Бугунги байрамда фарзандларимизга таълим-тарбия беришда алоҳида ибрат кўрсатаётган туманимиздаги пешқадам касб соҳибларининг ҳар бирини алоҳида ҳурмат-эътибор билан тилга оламиз.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўқитувчи ва мураббийлар куни” муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида”ги Фармонига кўра умумтаълим мактаблари, касб-ҳунар таълими муассасаларининг ўқитувчи ҳамда тарбиячиларидан бир гуруҳи давлатимизнинг юксак мукофотларига сазовор бўлдилар. Жумладан,
29-мактабнинг рус тили ва адабиёти фани ўқитувчиси Сулаймонова Лола ва 24 мактабнинг Технология фани ўқитувчиси Саидова Муниса “Халқ таълими аълочиси” кўкрак нишони билан 4-мактабнинг География фани ўқитувчиси Зарипова Хуршида “Халқ таълими фидоийси” кўкрак нишони билан ва 1-сонли ДМТТнинг Дефектологи Турсунова Мархабо II-даражали “Соғлом турмуш” давлат мукофотига сазовор бўлликлари жуда қувонарлидир.
Бундан ташқари 7-мактабнинг бошланғич таълим фани ўқитувчиси Порсоева Гулсара Эсоновна, 10-мактабнинг Биология фани ўқитувчиси Иноятова Мохичехра Шодиевна, 6-ДМТТнинг тарбиячиси Ашурова Юлдуз Исроиловналарга иш тажрибаси вилоят ва Республика миқёсида оммалашгани ва Мактабгача ва мактаб таълими тизимидаги улкан хизматлари учун Вобкент туман ҳокимлиги томонидан Туркия давлатига 7 кунлик саёҳат учун бепул сертификат топширилгани ҳам бундай гўзал юртда устозга кўрсатилаётган эътиборни яна бир маротаба намоёнда қилади.
Фурсатдан фойдаланиб, уларнинг барчасини юксак мукофотлар билан қизғин табриклайман!
Бундан кейин ҳам фарзандларимизга замонавий илм-фан ва касб-ҳунар асосларини ўргатиш, юксак инсоний туйғу ва фазилатларни сингдириш, маънавий-ахлоқий қадриятларимизни асраб-авайлаш борасида бор куч-ғайратингиз, билим ва маҳоратингизни аямасдан астойдил хизмат қилишингизга ишонамиз.
Сиз борсизки, ҳаётимиз нурафшон, эртанги кунимиз — фарзандларимиздан кўнглимиз тўқ. Ўзбекистон фарзанд-лари чеҳрасидаги нур — бу тинчликнинг нури. Озод диёримиздаги ана шу осуда, фаровон ҳаётимизга кўз тегмасин. Сиз ўқувчи ва талабаларингиз ҳузурига — синф хоналарига ҳамиша чеҳрангизда ишонч ва табассум билан кириб боринг!
Сизларни 1 октябрь — “Ўқитувчи ва мураббийлар куни” билан яна бир бор табриклаб, барчангизга сиҳат-саломатлик, бахт ва омад, хонадонларингизга тинчлик-хотиржамлик, файзу барака тилайман. Доимо соғ-омон бўлинг, азиз устозлар!
1 октябрь — “Ўқитувчи ва мураббийлар куни” муносабати билан Вобкент туман ҳокими Фарҳод Умаровнинг байрам табриги
Фикр билдириш
Фикр билдириш