Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Бухоро вилоятига қилган ташрифи давомида мутасаддилар зиммасига юклатилган вазифалар ижросини таъминлаш, қолаверса, одамларда бугунги ислоҳотларнинг барчаси инсон қадрини улуғлашдек олий мақсадга қаратилганлиги, ҳудудларни ҳар томонлама ривожлантириш мақсадида куни кеча туман ҳокими Алишер Файзиллоев туманнинг Қуйи Чуқурак маҳалласида бўлиб, аҳолига қулай шароит яратиш, ичимлик суви, йўл инфратузилмасини яхшилаш, камбағалликни қисқартириш мақсадида аҳоли орасида тадбиркорликни ривожлантириш, тадбиркорлар муаммоларини ўрганиш ва уларни ҳал этиш, маҳалла инфратузилмаси ва ижтимоий соҳа обектлари ҳолатини яхшилашга доир қатор чора тадбирлар белгилаб олинган эди.
Бугун ҳам мазкур ҳудудда бўлган ҳоким бириктирилган мутасаддилар иштирокида ана шу чора-тадбирларнинг ижроси қай тарзда амалга оширилаётганини кўздан кечирди.
Маълумот ўрнида, маҳаллада 584 та хонадон, 786 та оила бўлиб, унда 3512 нафар аҳоли истиқомат қилади.
Ҳудудда 33-мактаб, 4 та уй боғча аҳоли хизматида.
Маҳалладаги мавжуд муаммоларни бартараф этишга киришган тумандаги тегишли ташкилотлар ўзларига юклатилган вазифани ўз вақтида ва сифатли бажаришга киришдилар. Хусусан, туман Электр тармоқлари корхонаси томонидан Қуйи Чуқурак ҳудудидаги қишлоқлардан бирига 1 та 250 кВАлик трансформатор, 1 100 кВА лик қўшимча трансформатор ўрнатилди. 2 км. масофада бироз осилиб қолган электр симлари ўз ҳолига келтирилди. 14 та таянч устунлар тўғирланиб, 5 км узунликдаги тармоқларда дарахт шохларидан тозалаш ишлари амалга оширилди. 5 та трансформатор жорий таъмирланди.
Қуйи Чуқуракликларнинг саломатлигини асраш, уларга сифатли тиббий хизмат кўрсатишда Искогаре ОШП филиали сифатида иш бошлаган маҳалла тиббиёт пунктининг ўрни беқиёс. Қарийб 4 минг нафар аҳолига бирламчи тиббий хизмат кўрсатаётган филиалда етарлича шарт-шароит яратилган.
Пунктда шифокорлар томонидан режа асосида тиббий кўриклар ўтказилади. Шунингдек, хонадонма хонадон юриш орқали ҳам аҳолининг соғлиғи назорат қилиниб, уларга зарур дори воситалари ва тиббий муолажалар кўрсатилмоқда. Бугун мазкур ҳудудда яшовчи нуроний онахон Маъмура буви Эргашеванинг ҳолидан хабар олинди. Қон босими ўлчаниб, соғлиғидаги муаммолари тингланди. Кўрикдан сўнг онахонга зарур дори дармон етказиб бериладиган бўлди.
Шунингдек, қандли диабет хасталигидан азият чекиб келаётган Шамсия Ҳасанованинг ҳам хонадонида бўлган патронаж ҳамширалари беморнинг ҳолатидан келиб чиққан ҳолда унга керакли дори воситалари етказиб берилишини билдирдилар.
Мустақиллик байрамини хуш кайфият, кўтаринкилик билан нишонлашни мақсад қилган қуйи чуқуракликлар ўзаро ҳамжиҳатлик билан ободонлаштириш ишларида ҳам фаол иштирок этишмоқда. Биргаликдаги саъй-ҳаракатлар натижасида ҳудудда 250 дан ортиқ хонадонларнинг ташқи фасадлари оқланиб, 2 км.лик ариқ ва зовурлар тозаланди. Дарахтлар буталиб, шакл берилди, оқланди. 600 метр масофадаги ички йўллар шағаллаштирилиб, ҳолати яхшиланди. 1 км. узунликдаги йўл махсус техника ёрдамида текисланиб, 300 метр йўл очилди.
Бевосита туман ҳокими кўрсатмаси билан маҳалладаги турмуш шароити оғир, кўмакка муҳтож фуқаролар, шунингдек, хорижда меҳнат қилаётган мигрантларнинг оила аъзолари ҳолидан хабар олинди. Жумладан, уларнинг 9 нафарига бирламчи озиқ-овқат маҳсулотлари тақдим этилди.
“Ҳудудгаз” Бухоро ГТФ Шофиркон туман газ таъминоти филиали томонидан эса Қуйи Чуқурак маҳалласи 72 хонадонлардаги газ жиҳозлари техник кўрикдан ўтказилди ва суюлтирилган газ баллонлари тарқатилди. Маҳаллага туташ А.Навоий маҳалласи аҳлига ҳам шу куни маиший газ баллонлари берилди. Ушбу ҳудудда 1497 нафар суюлтирилган газ баллони истеъмолчилари мавжуд бўлиб, бугуннинг ўзида Ҳовлипоён қишлоғига 108 та газ баллонлари тарқатилди.
Шофирконда тадбиркорликни ривожлантириш, камбағалликни қисқартириш, аҳоли турмуш тарзини яхшилаш борасида ҳоким ёрдамчиси Ғолиб Назаров томонидан салмоқли ишлар амалга оширилмоқда.
Жумладан хонадонбай ўрганишлар давомида маҳаллада яшовчи фуқаро Жамола Амонова ўзини тикувчилик бўйича тадбиркорлик фаолиятини ташкил этишда, бунинг учун имтиёзли кредит маблағлари асосида тикув машинаси ажратилишида амалий ёрдам сўраб қилган мурожаати бўйича тегишли хужжатлар расмийлаштирилмоқда.
Аҳоли бандлигини таъминлаш борасида тўхталадиган бўлсак, жорий ҳафта давомида ҳоким ёрдамчисининг сайи ҳаракатлари ўлароқ “Бухара” масъулияти чекланган жамиятига 11 нафар ёш ишга жойлаштирилди.
Мухтасар айтганда, Қуйи Чуқуракда одамлар оғирини енгил қилиш, уларнинг фаровон ҳаёт кечиришлари, эртанги кунга ишонч билан қадам ташлашлари учун қатор ижобий ўзгаришлар, ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бу каби янгиланишлар бошқа ҳудудларда ҳам амалга оширилиши кўзда тутилган.