Ота-оналар фарзанди таълими учун тўлайдиган пуллари даромад солиғидан озод қилинади, Давлат органлари раҳбарлари Давлат бошқаруви академиясида ўқитилади ва яна бошқа бир қатор ўзгаришлар 1 августдан кучга киради.
Айрим тиббиёт муассасаларида қуйидаги лавозимлар жорий этилади
— туман (шаҳар) кўп тармоқли марказий поликлиникаларида – тиббий психолог;
— стационар ўринга эга бўлмаган руҳий-асаб касалликлари диспансерлари ва таркибида диспансер мавжуд бўлган руҳий касалликлар шифохоналарида – суицидолог;
— стационар ўринга эга бўлган руҳий-асаб касалликлари диспансерлари ва руҳий касалликлар шифохоналарида – қабул бўлими шифокори, навбатчи психиатр, тиббий психолог ёки психотерапевт штатлари. https://t.me/huquqiyaxborot/13937
Ота-оналар фарзанди таълими учун тўлайдиган пуллари даромад солиғидан озод қилинади
Қонунчиликка кўра, солиқ тўловчилар томонидан ёшидан қатъий назар фарзандларининг Ўзбекистон таълим ташкилотларида таълим олишлари учун йўналтириладиган тўловлари солиқ солинмайдиган даромадлар тоифасига киритилади.
“Сув омборларида сейсмологик кузатувларни амалга ошириш электрон платформаси” ишга туширилади
Сув омборларида ишловчи масъул ходимларнинг сейсмологик ва сейсмометрик кузатувларни амалга ошириш ва бирламчи таҳлил қилиш бўйича ҳар 2 йилда малакасини ошириш амалиёти йўлга қўйилади.
Давлат органлари раҳбарлари Давлат бошқаруви академиясида ўқитилади
Давлат органларининг биринчи раҳбарлари рақамли технологияларни кенг жорий этиш ва лойиҳаларни самарали амалга ошириш бўйича Давлат бошқаруви академиясида қисқа муддатли курсларда ўқитилади.
Ёшлар учун микрокредитлар ва субсидиялар картага ўтказилиши мумкин
“Ёшлар дафтари” ва Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги жамғармалари ҳисобидан бериладиган субсидия маблағларини ижтимоий контракт асосида ёшлар хоҳишига кўра алоҳида очилган банк картасига (нақдлаштириш имкониятисиз) ўтказишга рухсат берилади.
Ижтимоий соҳа объектларининг иситиш тизимларини модернизация қилиш бошланади
Лойиҳа-смета ҳужжатлари ишлаб чиқилган ва лойиҳа концепциялари тасдиқланган туман (шаҳар)лардаги ижтимоий соҳа объектларининг иссиқлик тизимларини давлат-хусусий шериклик асосида босқичма-босқич модернизация қилиш ишларини бошланади.
Ижтимоий соҳа объектларида Ўзбекистонда 1 йил синовдан муваффақиятли ўтган ва хизмат қилиш кафолати камида 15 йилни ташкил қиладиган қозонлар ўрнатилади.
Спиртли ичимликлар ишлаб чиқарувчилар учун қўшимча талаблар қўйилади
Эндиликда ишлаб чиқарувчилар Адлия вазирлиги томонидан алкоголли маҳсулотлар товар белгиларини рўйхатдан ўтказиш тўғрисидаги гувоҳномага эга бўлиши керак.
IT-соҳада банд бўлган давлат органларининг малакали ходимларига устама ҳақ тўланади
Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантиришга масъул бўлган давлат органлари ва бошқа бюджет ташкилотларининг АКТ соҳасида халқаро сертификатга эга бўлган ходимларига иш ҳақининг 20 фоизи миқдорида устама тўланади.
Тадбиркорларнинг ҳисобварақларидан пул маблағларини ноқонуний олиб қўйганлик учун жиноий жавобгарлик белгиланади
11 августдан бошлаб тадбиркорлик субъектларининг банк ҳисобварағидан пул маблағларини ноқонуний ўтказиш ёки олиб қўйиш учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик белгиланади.
1 августдан Ўзбекистон қонунчилигида нималар ўзгаради?
Фикр билдириш
Фикр билдириш