Жамиятда фуқаролар орасида вужудга келадиган деярли барча ҳуқуқий муносабатлар том маънода мажбуриятлар ҳамда уларни тартибга солишга қаратилган қонунчилик нормаларидан иборат яхлитликни ташкил қилади. Жумладан, қарз муносабатлари ҳам бевосита субъектларнинг пул ёки турга хос ашёларни олди-бердиси билан боғлиқ шартнома талабларидан келиб чиқадиган мажбуриятлар ва уларни тартибга солиш механизмини ўз ичига олади.
Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодекси 732-моддасига асосан, қарз шартномаси бўйича бир тараф (қарз берувчи) иккинчи тарафга (қарз олувчига) пул ёки турга хос аломатлари билан белгиланган бошқа ашёларни мулк қилиб беради, қарз олувчи эса қарз берувчига бир йўла ёки бўлиб-бўлиб, ўшанча суммадаги пулни ёки қарзга олинган ашёларнинг хили, сифати ва миқдорига баравар ашёларни (қарз суммасини) қайтариб бериш мажбуриятини олади.
Қарз шартномаси пул ёки ашёлар топширилган пайтдан бошлаб тузилган ҳисобланади.
Бундан кўринадики, қарз шартномаси мавжуд бўлиши учун қуйидаги элементлар зарур бўлиб ҳисобланади:
- шартнома субъектлари қарз берувчи ва қарз олувчи бўлиб ҳисобланди;
- шартнома предметини пул ёки турга хос аломатлари билан белгиланган бошқа ашёлар ташкил қилади;
- шартнома мазмунини қуйидагилардан иборат бўлади:
а) қарз берувчи қарз олувчига пул ёки турга хос аломатлари билан белгиланган бошқа ашёларни мулк қилиб беради;
б) қарз олувчи эса қарз берувчига бир йўла ёки бўлиб-бўлиб, ўшанча суммадаги пулни ёки қарзга олинган ашёларнинг хили, сифати ва миқдорига баравар ашёларни (қарз суммасини) қайтариб бериш мажбуриятини олади;
- қарз шартномаси фуқаролар ўртасида тузиладиган бўлса оғзаки ва оддий ёзма шаклда, юридик шахс иштирокида бўлса албатта ёзма шаклда тузилиши керак;
- қарз шартномаси пул ёки ашёлар топширилган пайтдан бошлаб тузилган ҳисобланади.
Шунингдек, қарз шартномаси бўйича олди-берди қилинаётган пулнинг миқдорини акс эттириш шартнома муҳим шартларидан бири ҳисобланади.
Қарз шартномаси бўйича тарафлар ихтиёрий асосда келишувга эришадилар ва бу келишув тарафларнинг эрк-иродасини эркин ифодалашига мувофиқ бўлади яъни, қарз шартномасини мажбуран тузишга йўл қўйилмайди. Шунингдек, шартноманинг реаллик хусусиятидан келиб чиқиб, тарафларнинг келишувга эришиш борасидаги тасарруф этилмаган хоҳиши шартнома тузилганлигини англатмайди. Бу борада, қонун талаби бўйича қарз олувчи пул ёки бошқа ашёларни қарз берувчидан амалда олмаганлигини ёки шартномада кўрсатилганидан кам миқдорда олганлигини тасдиқловчи далиллари бўлганда қарз шартномаси юзасидан даъволашишга ҳақли бўлади.
Қарз шартномасида юқоридаги элементлар билан биргаликда, берилган пул ёки ашё (агар ашё миқдори ва шакли шартномада кўрсатилган бўлса)дан фойдаланганлик муддатига фоизлар ундирилиши ҳам назарда тутилиши мумкин. Бунда, ушбу тоифадаги низо судда кўрилганида, қарз берувчи томонидан қарздордан қарз эвазига ундирилиши сўралган фоизлар жисмоний шахснинг даромади бўлиб ҳисобланади ҳамда даъво қаноатлантирилган тақдирда солиқ қонунчилигида белгиланган даромад солиғи ундириш учун асос бўлади.
Қарз шартномасида мажбуриятни бажариш яъни олинган қарзни қайтариш муддатини кўрсатиш мумкин. Бироқ, ушбу муддатнинг кўрсатилмаганлиги шартноманинг нотўғри тузилганлигини англатмайди. Боиси, бу борада Фуқаролик кодекси 735-моддаси талабларига кўра, агар қарз суммасини қайтариш муддати шартномада белгиланган бўлмаса, қарз олувчи уни қарз берувчи қарзни қайтариш ҳақида талаб қўйган кундан бошлаб ўттиз кун мобайнида қайтариши кераклиги мустаҳкамланган. Демак, қарз шартномаси учун мажбуриятни бажариш муддатини қайд этиш муҳим шарт бўлиб ҳисобланмайди.
Одатий ҳуқуқий муносабатни вужудга келтиришга қаратилган ҳар қандай келишув ўзининг таъминотига эга бўлиши керак. Қарз муносабатларига киришаётган тарафлар аввало, фуқаролик ҳуқуқи бошқа муносабат иштирокчилари каби инсофли субъект бўлиши жоиз. Чунки, ҳар бир тарафнинг мажбуриятларни бажаришга тўғридан-тўғри инсофли ёндашуви ҳамда жараёнда интизомли иштироки муносабатни низосиз мавжуд бўлишини таъминлайди.
Қонунчиликда мажбуриятларнинг бажарилишини таъминоти сифатида гаров, кафиллик шартномалари тузиш каби воситалар назарда тутилган.
Аксарият ҳолларда қарз берувчилар қарз шартномаси таъминоти юзасидан қарзни қайтариш кафолатини ўйламасдан, бу борада шартномада бирор келишув белгиламасдан, мажбуриятларни таъминлаш воситаларидан фойдаланмасдан қарз муносабатларига киришадилар. Бу эътиборсизлик, гарчи қонунларимиз қарз берувчининг барча ҳуқуқларини кафолатлаганига қарамасдан, айнан улар томонидан пул ёки ашёларни қайтариб ололмасдан овора бўлишларига, судларга мурожаат қилиб ортиқча вақт ва маблағларни сарф қилишларига, қарзни ундириш ҳақидаги даъво талаблари қаноатлантирилган тақдирда ҳам суд ҳужжати асосида берилган ижро ҳужжати тегишли асосларга кўра уни тўлиқ ёки қисман ижро этишнинг имконияти йўқлиги сабабли ундирувчига қайтарилган ҳолларда сарсон бўлишларига сабаб бўлмоқда.
Мажбуриятларни таъминлаш воситаларидан фойдаланиш одатий фуқаролик ҳуқуқий шароитида муносабат иштирокчиларининг ҳуқуқларини бузмайди. Аксинча, бу келгусида қарзни ўз вақтида қайтармаган тақдирда, қайсидир тарафнинг ноинсофлик қилгани ҳолда мажбуриятларни бажаришдан бўйин товлаганда муҳим кафолат бўлиб хизмат қилади.
Бундан ташқари, амалдаги қонунчилик талабларига кўра, қарз олувчи қарз суммасини вақтида қайтармаган ҳолларда қарз қайтариб берилиши керак бўлган кундан бошлаб то у қарз берувчига қайтариб берилган кунгача қарз суммаси юзасидан Фуқаролик Кодекснинг 327-моддаси биринчи ва иккинчи қисмларида назарда тутилган миқдорда фоизлар тўланиши кераклиги ҳам мустаҳкамланган.
Шунингдек, қарз олувчи қарз суммасининг қайтариб берилишини таъминлаш юзасидан қарз шартномасида назарда тутилган мажбуриятларни бажармаса, шунингдек қарзнинг таъминоти қарз берувчи жавобгар бўлмаган вазиятларда йўқотилса ёки унинг шартлари ёмонлашса, агар шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, қарз берувчи қарз олувчидан қарз суммасини муддатидан олдин қайтаришни ва тегишли фоизларни тўлашни ҳам талаб қилишга ҳақли.
Қонунчилик қарз берувчи билан бирга қарздорнинг ҳам ҳуқуқлари кафолатини назарда тутади. Жумладан, Фуқаролик кодексининг 257-258-моддаларига кўра, кредитор мажбуриятнинг бажарилишини қабул қилиб олган вақтида, қарздорнинг талаби билан унга мажбуриятнинг тўла ёки қисман бажарилишини қабул қилиб олганлиги ҳақида тилхат бериши шарт. Оғзаки битимлар юридик шахслар билан фуқаролар ўртасида бажарилганида товарлар ёки хизматлар ҳақини тўлаган юридик шахс бошқа тарафдан пул тўланганлигини тасдиқлайдиган ҳужжатни ва тўлов асосини олиши керак.
Агар қарздор мажбуриятни тасдиқлаш юзасидан кредиторга қарз ҳужжати берган бўлса, кредитор ижрони қабул қилиб олаётган вақтида ушбу ҳужжатни қайтариб бериши, қайтариб беришнинг имкони бўлмаганида эса — буни ўзи бераётган тилхатда кўрсатиши керак. Тилхат ўрнига қайтариб берилаётган қарз ҳужжатига устхат ёзилиши мумкин. Қарз ҳужжатининг қарздорда бўлиши, бошқа бир ҳол исботланмагунча, мажбуриятнинг бекор бўлганлигини тасдиқлайди.
Кредитор тилхат беришдан, қарз ҳужжатини қайтаришдан ёки қайтариб бериш имкони йўқлигини тилхатда кўрсатишдан бош тортган тақдирда, қарздор ижрони тўхтатиб туришга ҳақли бўлади. Бундай ҳолларда кредитор муддатни кечиктирган ҳисобланади.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки доно халқимизнинг “қарс икки қўлдан чиқади” ибораси айни муносабат учун ҳам ибрат саналади. Зеро, қарз олди-бердиси юзасидан низоларнинг вужудга келиши томонларнинг эътиборсизлиги, масъулиятсизлиги ва интизомсизлиги каби субъектив ҳиссаларининг натижаси бўлиб ҳисобланади. Қарз берувчи ва қарз олувчининг ушбу муносабат юзасидан ҳуқуқий билимларга эга бўлиш ва жоиз бўлса, ўзаро шахсий хусусиятларини ўрганиб, қарзни қайтариш кафолати бўйича тегишли чораларни кўрган ҳолда қарз олди-бердисини амалга оширишлари, олди-бердини расмийлаштириш(ҳеч бўлмаганда, оддий ёзма шаклда тилхат тузиш)лари нафақат, уларнинг одатий фуқаролик-ҳуқуқий муомаласида эркин иштирок этишлари гарови бўлиб хизмат қилади, шу билан биргаликда ушбу тоифадаги низоар юзасидан фуқаролик ишлари бўйича судларда ҳам иш салмоғининг камайишига сабаб бўлар эди.
Ўзбекистон Республикаси Судьялар Олий
кенгаши ҳузуридаги Судьялар олий мактаби
тингловчиси А.Ғ.Ҳайитова