Айни кунда Вобкент туманида ҳам қишлоқ хўжалигига ихтисослашган 330 дан ортиқ фермер хўжалиги ва улар тасарруфидаги 18 минг 680 гектар майдонда деҳқончилик қилинмоқда. Тармоқлар йўналишида олсак, пахта-ғаллачиликдан ташқари 60 тадан ортиқ фермер хўжалиги боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигида, 30 та фермер хўжалиги чорвачилик йўналишида, ўнга яқин субъект паррандачилик ва балиқчиликда, шунингдек, сабзавот-полизчиликда 6 та фермер хўжалиги фаолият кўрсатмоқда.
Шу кунларда эса бевосита ғаллакорликда ва пахтачиликда банд бўлган “Нодирабегим Шоҳижахон”, “Робия Майрам Ойбек”, “Улуғбек Амон замини”, “Заҳро Юлдузи”, “Алишер”, каби фермер хўжаликларида, ғаллачиликда илғор “Яҳёев Жамил Яҳёевич”, “Эшмуродов Бекмурод”, “Раҳимов Ҳикмат”, “Шавкат-98”, “Сатторов Ортиқбобо” каби фермер хўжаликларида агротехник тадбирлар намунали ташкил этилгани баробарида меҳнат жамоаси ҳамда маҳалла ва қишлоқ аҳли моддий манфаатдорлигига эътибор қаратилаётгани қувонарли, албатта.
Ҳар йилги агротехник анъанага мувофиқ жорий йил туманда ғалла ҳосилидан бўшатилаётган ер майдонининг 170 гектарида сабзи, 74 гектарида шолғом, 78 гектарида турп, 82 гектарида лавлаги, 120 гектарида тарвуз, 90 гектарида қовун, 44 гектарида ошқовоқ, шунингдек, 613 гектарида кунгабоқар, 274 гектарида мош, яна шунча гектарда ловия, 100 гектардан ошиқ ерда картошка экиб етиштириш чора-тадбири кўрилмоқда.
Худди шундай, чорва моллари учун озуқа базаси заҳираси учун қарийб 2 минг 100 гектар ер майдони ажратилмоқда. Шундан 2 минг 548 гектарда тариқ, маккажўхори ва бошқа озуқабоп экинлар етиштирилади. Умуман, ҳудудда буғдой етиштирилган контурларнинг жами 6 минг 199 гектар ер майдонида такрорий қишлоқ хўжалиги экинларини экиб парваришлаш, пировардида элимиз дастурхони тўкинлиги учун эҳтиёжга яраша сабзавот-полиз маҳсулотлари билан бирга чорва мажмуаси учун талаб қилинаётган заҳирани тайёрлаш мақсад қилинган.
Шу кунларда саховатли фермерларимиз томонидан ҳудудлардаги эҳтиёжманд оилаларга, кам таъминланган хўжалик аъзоларига буғдой, буғдой сомони ва такрорий экин экиш учун буғдойдан бўшаган ер майдони берилмоқда.
Ҳозирда туман маҳалаларида алоҳида тоифаланган дафтарларга киритилган фуқароларнинг қарийб 200 нафарига, ишсиз ҳамда эҳтиёжманд оилалар, фермер хўжалиги аъзоларига умумий миқдори 25 тоннадан ортиқ сара буғдой, 3 минг донадан зиёд сомон преси тарқатилган бўлса, сомондан тозаланган ердан 4 гектар майдон такрорий экин учун ажратиб берилди.
Уларга сабзавот-полиз, мойли экинлар ҳамда чорва озуқаси экинлари учун уруғлик таъминоти, ер тайёрлаш ва суғориш ишларида фермер хўжаликлари масъул қилиб бириктирилган. Албатта, бу чора-тадбир жойларда ишчи гуруҳлари томонидан алоҳида назоратга олинмоқда.