Жорий йилнинг 11 апрель куни Президентимиз раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида юртимизда ёшлар сиёсати соҳасидаги ишлар натижадорлигини ошириш, ёшлар билан ишлашнинг янгича тизимини жорий этиш борасида долзарб вазифалар кўтарилиб, бу борада раҳбарларга алоҳида ва аниқ вазифалар юклатилган эди.
Жумладан, 14 ёшдан 30 ёшгача бўлган ёшларнинг ижтимоий аҳволи, қобилияти ва қизиқишлари ўрганилиб, уларни 3 тоифага ажратиш, улар билан манзилли, аниқ мезонлар асосида ишлаш тизимини яратиш бўйича муҳим вазифалар белгиланди.
Бунда ўз устида ишлайдиган, аъло баҳоларга ўқийдиган, ўз тадбиркорлигини йўлга қўйган ёки ўз иш жойига эга бўлган иқтидорли ва ижтимоий фаол бўлган ёшлар “яхши” тоифага, турмуш тақозоси билан расмий сектордан иш топа олмаган, лекин иқтисодий фаол, келажакка ишонувчи ёшлар “ўрта” тоифага киритилиб, шунингдек, давлатнинг ғамхўрлиги ва эътиборини кутаётган ҳамда кўмакка муҳтож ёшлар “аҳволи оғир” тоифасига алоҳида ажратиб олинди.
Айни кунларда вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари, уларнинг барча ўринбосарлари, сектор раҳбарлари, бошқарма ва ташкилотлар масъуллари вилоятда мавжуд учинчи тоифадаги эътиборга муҳтож ёшлар устида ишлаб, уларнинг муаммолари ечимини излаш, ғамхўрлик қилиш ва доимий қўллаб-қувватлаш бўйича ишларни олиб бормоқда.
Хусусан, Вобкент туман ИИБ бошлиғи Ў.Сойибов 3-секторнинг “Поноб”, “Хайрхуш”, “Қатаған”, “Халач” ва “Диёр” маҳаллалари ҳудудида истиқомат қилаётган “оғир” тоифадаги ёшлар хонадонларида бўлиб, улар билан суҳбатлашди.
Мактаб ўқувчилари ва ўсмир ёшларга мактаб ўқув қуроллари ва бадиий китоблар шунингдек ҳомийлик йўли асосида моддий ёрдамлар топширилди. Айни вақтда 3-сектор маҳаллаларида мавжуд учинчи тоифадаги эътиборга муҳтож ёшлар устида ишлаб, уларнинг муаммолари ечимини излаш, ғамхўрлик қилиш ва доимий қўллаб-қувватлаш бўйича ишларни олиб боримоқда.
Ёшлар масаласида раҳбарлар олдига қўйилган вазифаларни ўз вақтида, сифатли бажариш орқали ислоҳотлар самарадорлиги натижасини ҳар бир ёшнинг ҳаётида кўрсатиш мумкин бўлади. Бу билан ёшларнинг давлатимиз томонидан қилинаётган ғамхўрликларни ҳис қилишига ва фаол ҳаётга кириб боришига эришилади.