Бухоро вилояти Жондор туманида 2023 йил 15 майдан 16 майга ўтар кечаси тахминан соат 23:50 лар атрофида 4 киши бир фуқаро Н.Ж.ни уйидан машинасида олиб кетиб, туман марказига олиб бориб калтаклаган.
Бу ҳақда жабрланувчининг яқинлари мурожаат қилган. Айтилишича, Н.Ж. ҳушсиз ҳолда ташлаб кетилган. Эрталаб аҳволи оғирлашгани сабабли Бухоро вилояти кўп тармоқли поликлиникасига жағ синиб силжиши ташхиси билан операция қилинган.
Фуқаронинг онаси президент ишонч телефонига мурожаат қолдирган. Ариза ҳолатини кўрганида иш тман ИИБ ҳузуридаги ТГ катта терговчиси подполковник Ҳ.Ҳ.Қаҳҳоровга ўтказилганини билган.
Жиноий иш доирасида муштумзўрлардан бири Ш.Н.га нисбатдан Жиноят кодексининг 105-моддаси 1-қисми билан жиноят иши очилган. Мурожаатга кўра, жиноят иши очилган шахс подполковник Ҳ.Ҳ.Қаҳҳоров гумондорнинг шахсий ҳужжатини қайтариб, унинг чет элга қочиб кетишига имкон яратиб берган.
Ушбу ҳолат бўйича биз Ички ишлар вазирлиги ва Бош прокуратура матбуот котибларига сўров юбордик ва қуйидаги изоҳларни олдик.
Бош прокуратурага кўра, ҳозир ИИБда жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Натижаси бўйича иш судга юборилади. Жиноий иш 1 кишига қўзғатилган, лекин тергов жараёнида бошқа шахсларнинг ҳаракатларида жиноят аломати аниқланса, уларнинг ҳаракатига ҳам ҳуқуқий баҳо берилиши айтилган.
Ички ишлар вазирлиги изоҳга кўра, бу ерда фуқаро қарши томонга енгил жазо қўлланилаётганидан норози. Аммо норози бўлса, прокуратурага шикоят қилишни тавсия этган.
Шунингдек, гумондор шахс четга қочиб кетгани ҳақидаги саволимизга “Қочган бўлса, расмий қидирувга берилади”, дея жавоб берган ИИВ матбуот котиби.