Аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш ва тиббий хизмат сифатини яхшилаш мақсадида Ромитан тумани марказидан 265 километр узоқликда, Қизилқум кенгликлари бағрида, қўшни Хоразм вилоятига чегарадош, мамлакатимизнинг жанубий “қон томири” – Амударёга ёндош “Қизилравот” аҳоли масканида “Қизилравот” оилавий шифокор пункти янгидан барпо этилиб, фойдаланишга топширилди.
Ушбу кўркам масканнинг очилиш маросимида туман ҳокими Умеджон Барноев, туман Халқ қабулхонаси мудири Ғани Муясаров, Газли шаҳар ҳокими Шерали Пўлотов, туман ҳокими ўринбосарлари, нуронийлар ва жамоатчилик вакиллари, оммавий ахборот воситалари ходимлари ҳамда тиббиёт ходимлари иштирок этди.
Мазкур тиббиёт муассасаси очилишига бағишланган тадбирда сўз олган туман ҳокими Умеджон Барноев мамлакатимизда кейинги йилларида аҳоли соғлигини муҳофаза қилиш, тиббиёт муассасалари учун мослаштирилган янги бинолар қуриш, уларни илғор ва замонавий тиббий жиҳозлар билан таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилаётганлиги, аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифати ва савияси тобора юксалиб бораётганлигини таъкидлади.
“Қизилравот” оилавий шифокор пункти мудираси Насиба Милтиқбоева шундай шинам маскан қуриб берилгани учун овул аҳли номидан миннатдорчилик изҳор этди.
Шундан сўнг бир гуруҳ шифокорларга туман ҳокимлигининг Фахрий ёрлиғи ва эсдалик совғалари топширилди. Маҳалла аҳли бир пиёла чойга таклиф этилиб, дастурхонга ош тортилди.
Маълумот учун, қишлоқ врачлик пункти биноси ўрнида қад ростлаган мазкур иншоот учун 1 миллиард 439 миллион сўм маблағ ажратилиб, “Fathvalite bulding” МЧЖ томонидан янгидан қурилди. 800 нафарга яқин аҳоли истиқомат қиладиган маҳалла аҳли учун тиббиёт масканининг очилиши унутилмас қувончларни ҳадя этди.
Бундан ташқари бу ерда яшовчилар умумий амалиёт шифокори, патронаж хизмати, туғиш ёшидаги аёллар ҳамда ҳомиладор ва туғруқдан кейинги доя хизмати, лаборатория хизмати, муолажа даврида бир неч хил турдаги дори воситаларини бепул таъминланиш имкониятига эга бўлдилар.
Ушбу маскан зарур тиббий асбоб-анжомлар, жиҳозлар билан таъминланган. Қолаверса, шифокорларнинг самарали фаолият юритиши, шунингдек, ташриф буюрувчилар учун барча шароитлар яратилган.