Бухоро вилояти прокуратураси томонидан Бухоро вилоятида реновация асосида қурилаётган кўп қаватли уйларни қуриш ва уларни сотишга оид қонунчилик аҳволи ўрганилди.
Аниқланишича, 2018 – 2021 йиллар давомида реновация давлат дастури доирасида Бухоро шаҳри бўйича 85 та якка тартибдаги ҳамда 59 та 2 – 3 қаватли уй – жойлар бузилиб, ўрнига замонавий лойиҳалар асосида 69 та (806 та хонадон, 136 та нотурар объектлар) кўп қаватли уй – жойлар қурилиши бошланган.
Ўрганишларда, 2018-2020 йилларда ушбу кўп қаватли уйларнинг 7 таси (88 та хонадон, 19 та нотурар объект) қурилиб фойдаланишга топширилган, 62 тасида (718 та хонадон ва 117 та нотурар объект) қурилиш – монтаж ишлари давом этаётганлиги аниқланган.
Реновация дастурининг ижроси вилоят ҳокимлиги ва вилоят прокуратураси томонидан алоҳида назоратга олиниб, ҳар бир қурилиш корхоналари билан олиб борилган манзилли ишлар натижасида 22 та (277 та хонадон, 60 та нотурар объект) турар – жой биноси фойдаланишга топширилиши ва 40 та (441 та хонадон, 57 та нотурар объект) турар – жой биноларида қурилиш – монтаж ишлари жадаллаштирилиши таъминланди.
Бундан ташқари, 2021 – 2022 йиллар давомида 89 та кўп қаватли турар – жой биноларининг қурилиш меъёрларига зид равишда фойдаланишга қабул қилинганлиги аниқланиб, мазкур ҳолат юзасидан Бухоро вилоят қурилиш соҳасидаги назорат инспекцияси ҳамда вилоят кадастр палатаси мансабдор шахсларига нисбатан жиноят иши қўзғатилди.
Жиноят ишининг тергови давомида ушбу қурилиш объектларининг 88 тасида қўшимча қурилиш – монтаж ишлари олиб борилиб, жами 5,6 млрд. сўмлик камчиликлар тўлиқ бартараф этилиши ва 1 251 нафар фуқароларнинг хонадонларга кўчиб кириши таъминланди. “Adiz Buxoriy” МЧЖ томонидан Бухоро шаҳрининг “Ибн Сино” кўчасида қурилган қолган 1 та кўп қаватли уйдаги камчиликлар бартараф қилинмоқда.
Турар – жой биноларини қуриб фойдаланишга топшириш давомида фуқароларни алдаб, ишончини суиистеъмол қилиб, уларга тегишли хонадонларни расмийлаштириб бермасдан келаётган қурувчи ташкилотлар мансабдор шахсларига нисбатан 13 та жиноят ишлари қўзғатилиб, улар ички ишлар органлари терговидан бевосита вилоят прокуратураси уюшган жиноятчилик ва коррупцияга қарши курашиш бўлими иш юритувига олинди.
Олиб борилаётган тергов ҳаракатлари натижасида жиноят содир этилиши оқибатида фуқароларга етказилган 3 млрд. 184 млн. сўмлик зарарнинг ундириб берилиши ва бошпанасиз қолган 62 нафар фуқароларга ўзаро келишув асосида уй – жойларининг олиб берилиши таъминланиб, бузилган ҳуқуқлари тикланди.
Хусусан, “Buxoro eco stroy plyus servis” МЧЖ раҳбари Ғ.Паянов ва бошқалар фуқароларни алдаб, ўзлари қурган кўп қаватли уйдан квартира беришни ваъда қилиб, уларнинг жуда кўп миқдордаги пул маблағларини олиб, ўз эҳтиёжлари учун сарфлаб юборган.
Мазкур ҳолат юзасидан қўзғатилган жиноят иши бўйича Ички ишлар вазирлиги Тергов департаменти томонидан тергов ҳаракатлари ўтказилиб, жиноятни содир қилган Ғ.Паянов ва унинг 2 нафар жиноий шериги қамоққа олинган.
Ҳозирда ушбу жиноят иши судда кўриб чиқилмоқда, суднинг якуний қарори билан жабрланувчиларга етказилган зарарнинг қопланиши масаласи ҳал этилади.
Бундан ташқари, Бухоро шаҳрининг “Ҳамза”, “С.Айний” ва “Т.Фароғий” кўчаларида кўп қаватли уй – жойларни қураётган “Impala collection busines” МЧЖ, “Бунёдкор шаҳарсозлик” МЧЖ ва “Shams nur iqbol” МЧЖ раҳбарлари фуқароларни алдаб, уларга хонадонларни расмийлаштириб бермасдан, моддий зарар етказганликлари аниқланган. Мазкур ҳолатлар юзасидан МЧЖ раҳбарлари Шамшод Мансуров, Нурали Киличов ва Тохир Қодировларга нисбатан суднинг ажримига асосан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси танланган. Ҳозирда дастлабки тергов давом этмоқда.
Ҳ У Р М А Т Л И Ф У Қ А Р О :
✅ қурилаётган кўп қаватли турар – жой уйларидан хонадон (квартира) харид қилишда фирибгарлардан эҳтиёт бўлинг. Хонадон сотиб олишда ҳуқуқшунос маслаҳатидан фойдаланинг !
✅ алданиб қолиб, ҳуқуқларингиз бузилганлигини билган тақдирда зудлик билан вилоят прокуратурасининг (65) 221 – 10 – 07 рақамли “Ишонч телефони”га ёки прокуратура идораларига ариза билан мурожаат қилинг ёхуд вилоят прокурори, туман (шаҳар) прокурорларининг шахсий қабулига киринг. Вилоят прокурорининг шахсий қабули ҳафтанинг сешанба, жума кунлари вилоят прокуратураси биносида бўлади.
✳️ Сизнинг бузилган ҳуқуқларингиз ва манфаатларингиз қонун доирасида тикланиши ҳамда айбдор шахсларга нисбатан тегишли чоралар кўрилиши таъминланади.