Бугунги кунда фирибгарлик жиноятлари кўпайиб бораётганлиги ҳеч кимга сир эмас. Инсон фарзанди ишонишга мойил. Ҳар доим иши осон кечишини, муаммолари эса хамирдан қил суғургандек ҳал бўлишини истайди. Болалар эртакдаги воқеликка эътиқод қилганларидек, катталар ҳам гоҳида ниманидир йўқдан бор бўлишини, сеҳрли таёқчаю, учар гиламлар ёрдамида мушкуллари осон бўлишини орзу қилишади. Мана шу соддалик кўп ҳолларда уларга панд беради. Афсуски улар буни ғишт қолипдан кўчгандагина англаб етишади.
Айимжан Тасбулатова (исм-фамилиялар шартли равишда ўзгартирилган) ўттиз саккиз ёшда. Уч нафар фарзанднинг онаси. Олий маълумотли бўлишига қарамай, ҳаёт таълимини олишга фурсат топмаган. Шунинг учун бўлса керак у шу пайтга қадар бир эмас, нақ уч маротаба судланган, қилган қинғир қилмишлари учун жазога тортилган. Афсус, уларнинг ҳеч биридан у хулоса чиқармаган. У одамларни чув туширишни, бу орқали ишончни қозониб, ўзгалар мулкини қўлга киритишни тўғри йўл деб идрок этди. Ҳаромдан ҳазар қилмади. Аксинча, бировнинг пешона тери эвазига топилган пуллар осонгина чўнтагига тушганида бундан бениҳоя суюнди, ўз истеъдодидан ғурурланиб яшади.
Айимжан навбатдаги қурбонни чув тушириш учун ўз жиноий шериги Марат Оғажонов билан тил бириктирди. Аслида улар олдиндан таниш бўлиб, шу пайтга қадар фириб илмида биргаликда “ов” уюштириб, “ўлжа”ларни баҳам кўриб келишаётганди.
Учарлар бу сафар Навоий вилоятининг Қизилтепасидан бўлган Махфират Ярашовани тузоққа туширадилар. Аёл кўпдан буён ишсиз юрган ўғли Шоғулом Ихтиёровни тайинли бир ташкилотга ишга жойлаш ташвиши билан юрарди. Тумшуғининг тагидаги ишлар эса она-болага ёқмас, кўп ҳолларда бу ишларда бериладиган маош чўғи паст бўларди. Марат Айимжан ва Махфиратни учраштиришда воситачилик қилади.
-Бухоро темир йўл узелига қарашли бир ташкилот бор. Маоши катта. Бунақа ойликни тушингиздаям кўрмагансиз. Истасангиз ҳозирча қоровул сифатида ишлаб туради. Кейин аста-секин катта вазифаларга кўтарилаверади. Биттаси келганди ишга жойлаштиринг деб. Аммо муллажирингни сал пайсалга солиб турибди. Кимнинг бахти чопган бўлса, бу иш ўшанинг насибаси, – дейди Айимжан гўё ўзининг томорқасига ишга олаётгандек совуққонлик билан.
-“Биттаси келган эди” деган гапни қўйинг, – деди Махфират имкониятни қўлдан бой беришдан хавфсираб. – Менинг ўғлимга иш керак. Саёқ юрмасин, дейман-да. Бир яхшилик қилинг. Сиз харажатини айтинг, бизда муаммо бўлмайди.
-Маоши бинойигина дегандим. “Кўрманаси” ҳам шунга яраша – 1500 АҚШ доллари. Тағин ўйлаб кўринг. Мажбурлаш йўқ, – Айимжан айёрона нигоҳларини зимдан суҳбатдошига қадаб, унинг ичини қиздирарди.
Аёл унга келишилган пулни июл ойидан август ойига қадар уч қисмга бўлиб берди.
Пулни олган айёрлар шу кетганларича қораларини кўрсатмай қўйишди. Орадан анчагина вақт ўтди. Бироқ улардан дарак бўлавермади. Айимжан айтган идорага борган Махфират ташкилот раҳбарининг бу гаплардан хабари йўқлигини эшитиб, ҳуши бошидан учди. Боз устига раҳбарнинг “сиз айтган штат бирликлари бўйича бизда бўш ўриннинг ўзи йўқ” деган гапидан сўнг аёл алданганини тушуниб етди. Ҳуқуқ тартибот идораларига мурожаат қилишдан бошқа чора қолмаганди.
Мазкур ишни кўриб чиққан суд Айимжан Тасбулатова ва Марат Оғажоновни айбдор деб топди. Судга кўрсатма берган Айимжан ўзлаштирилган пулларни хаста ётган отасининг даволаниши учун сарфлаганини, бироқ ҳаром пул татимаганини, яқинда отаси қазо қилганини, қилмишидан қаттиқ пушаймон эканлигини айтди. Жабрланганларга етказилган зарар тўлиқ қоплаб берилди. Ҳар иккала шерик тегишли муддатлар бўйича ахлоқ тузатиш ва озодликни чеклаш жазоларига тортилдилар.
Я.К.НИЁЗОВ,
Когон шаҳар суди судъяси