Бухоро вилоятининг барча ҳудудларида миллийлигимизни ўзида акс эттирган, янгиланиш ва яшариш айёми, “Наврўз” умумхалқ байрами сайллари бўлиб ўтмоқда. Бугун, 17 март куни Ромитан туманининг “Марказий ўйингоҳи”да ўтказилган янгиланиш ва яшариш айёми тантаналари йиғилганлар қалбига қувонч ва байрамона кайфият улашди.
Бу йилги байрам тадбири ҳар йилгидан ҳам ўзгача руҳда, кўтаринки кайфиятда ўтказилди. Эрта тонгдан бошланган халқ сайлларига 1500 мингдан ортиқ тумандошларимиз ташриф буюрди.
Халқ сайлида сектор раҳбарлари, туман ҳокими ўринбосарлари, туман Халқ қабулхонаси мудири, нуроний отахонлар, аҳоли вакиллари, ташкилот ва корхоналар ходимлари, маҳаллалардаги бешлик иштирок этди.


Бугунги байрам тадбирлари доирасида тумандаги барча МФЙлар, корхона-ташкилот ва муассасалар учун ажратилган ҳудудлар ўзига хос услубда безатилиб, миллий баҳорий пишириқлар, дошқозонларда тайёрланган сумалак ва ош таомлари, дастурхонга тортилди.
Наврўз шодиёналарида миллий халқ ўйинлари, фольклор жамоаларининг чиқиши, полвонлар беллашуви, қўчқор уриштириш, дорбозларнинг дор ўйинлари, “Моҳир пазандарлар” фестивали барчада катта таассурот қолдирди.
Байрам тадбири давомида ўзбек эстрадасининг ёрқин юлдузи Бунёдбек Саидовнинг шўх-шодон куй-қўшиқлари тадбирга ўзгача файз бағишлаб, тадбир иштирокчиларига чинакам байрам кайфиятини улади. Шунингдек, туман маданият бўлими ходимлари, таниқли ва хушовоз санъаткорлар томонидан ижро этилган куй-қўшиқлар барчани рақсга чорлади.
Наврўз сайиллари туман марказида, туманнинг олис ва яқин ҳудудларида, қишлоқ ва овулларда кўтаринки кайфиятда давом этмоқда.