Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2022-2023 йилларда маҳаллалар инфратузилмасини янада яхшилаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-408-сонли қарорига асосан Ромитан туманида узоқ йиллар давомида ўз ечимини кутиб ётган муаммолар бартараф этилмоқда.
Жумладан, қарорга асосан тумандаги “Зарафшон” маҳалла фуқаролар йиғинининг ички кўчалари ҳам ободонлаштирилиши керак эди. Аҳолининг талабига кўра энг ўткир масала йўлларни замон талабига мослаштириш масаласи бўлди.
Шунинг учун 1 километр 800 метр масофадаги йўллар асфальтланиши бошланмоқда. Бу ишлар “Ромитан йўллардан мунтазам фойдаланиш” унитар корхонасининг 20 нафарга яқин ходимлари ҳамда 10 дан ортиқ махсус техникалар ёрдамида амалга оширилмоқда.
Ҳудудда бўлган Ромитан тумани ҳокими Умеджон Барноев бошчилигида туман ИИБ бошлиғи Шаҳоб Ҳайитов, туман Халқ қабулхонаси мудири Ғани Муяссаров, туман ҳокими ўринбосари Азамат Шодиев ҳамда ишчи гуруҳ амалга оширилаётган ишлар билан танишди. Аҳоли вакиллари билан мулоқот қилиниб, бажарилаётган ишлар бўйича фикр алмашилди.