Бухоро шаҳрида 2018-2021 йиллар давомида реновация асосида кўплаб уй-жойлар қуриб фойдаланишга топширилди. Уйлар олдида болалар ўйингоҳлари, спорт майдончалари, автотураргоҳлар ташкил этилди. Йўлаклар асфальтланиб, кўчаларга чироқлар ўрнатилди. Аҳоли яшаш хонадонларининг кўркам қиёфа кашф этиши, фаровон турмуш учун барча қулайликларнинг яратилиши фуқароларимиз кўнглида эртанги кунга янада ишонч пайдо қилгани шубҳасиз.
Албатта, бу жараёнда қурилиш ташкилотларидан катта масъулият талаб этилади. Зеро, қурилиш ишларининг сифатли амалга оширилиши, белгиланган ишлар охиригача етказилиши ва вақтида тугалланиши энг муҳим омиллардан. Акс ҳолда, аҳолининг турли эътирозлари, низолар ва кўпгина тушунмовчиликлар келиб чиқиши мумкин.
Шу нуқтаи назардан, вилоят ҳокими Ботир Зарипов Бухоро шаҳри сектор раҳбарлари, тегишли ташкилот ва идоралар мутасаддилари иштирокида Бухоро шаҳрида ўтган йиллар давомида реновация дастури асосида қуриб, фойдаланишга топширилиши лозим бўлган иншоотларда бўлиб, уй-жойлар қурилишига дахлдор, дуч келинаётган муаммоларни манзилли ўрганди.
— 2018-2021 йилларда вилоят марказида ҳар бирида ўттизга яқин оила истиқомат қилган жами 69 та эскирган ва яшаш учун хавфли деб топилган 2 ва 3 қаватли турар жой ўрнида замонавий услубларда 5 ва 7 қаватли уйлар қурилиши бошланган бўлиб, шу кунга қадар қурилиш-пудрат корхоналари томонидан мазкур турар жойларнинг 20 таси битказилиб, фойдаланишга топширилган, – дейди вилоят ҳокимлиги аппарати котибият мудири Аббос Ғайбуллаев. — Молиявий манбааси етарли бўлмагани, яна бошқа сабаблар билан қатор иморатлар қурилиши айни кунда кечиктирилаётгани боис масала вилоят ҳокимлиги даражасида ўрганилди.
Ўрганишлар Отабой Эшонов, Ҳамза, Иброҳим Мўминов, Ислом Каримов, Садриддин Айний кўчалари бўйлаб давом этди.
Якунда вилоят раҳбари томонидан қурилиш ташкилотлари масъул-мутасаддилари зиммасига реновация асосида қурилаётган уйларда муҳандислик-коммуникация тармоқларига доир зарур инфратузилмани яратиш, атрофини ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш билан боғлиқ қатор вазифалар ҳам юклатилди.
Айни пайтда ўрганишлар “Bukhara City” замонавий турар жой ва ишбилармонлик марказида давом этяпти.