Президент Шавкат Мирзиёев Бухоро туманидаги Работиқалмоқ маҳалласида бўлиб, аҳоли ҳаёти билан танишди.
Бу ерда 9 мингдан зиёд аҳоли яшайди. Қуйи тизимдаги манзилли ишлар натижаси бу маҳаллада ҳам намоён – тадбиркорлик ривожланиб, иш ўринлари кўпаймоқда. Хусусан, илгари фойдаланилмай ётган майдонда тикувчилик корхонаси барпо этилди. 30 дан ортиқ хотин-қиз ўз маҳалласида ишли бўлди. Яқинда иш бошлаганига қарамай, корхона 100 мингта трикотаж маҳсулотлари учун буюртма олган.
Давлатимиз раҳбари мазкур корхона фаолияти билан танишиб, ишчилар билан суҳбатлашди.
– Маҳалладаги ўзгаришларни, сизнинг ишли бўлганингизни кўриб, хурсанд бўлдим. Булар – халқ ичига кириб, халқ билан бирга қилаётган саъй-ҳаракатларимизнинг кичик бир натижаси. Агар ҳокимлик ва ташкилотлар шароит яратиб беролса, ҳар бир оила ўзини эплаб кетолса, мақсадимга эришган бўламан. Шунда катта оиламиз – давлатимиз ҳам мустаҳкам бўлади, – деди Президент.
Шу ерда вилоятдаги тадбиркор аёлларнинг ҳанармандчилик маҳсулотларидан намуналар намойиш этилди. Улар ишлаб чиқаришда ва касаначилик асосида хотин-қизлар бандлигини таъминлаётганини сўзлаб беришди. Давлатимиз раҳбари уларнинг бу борадаги ҳаракатларини қўллаб-қувватлаш бўйича мутасаддиларга кўрсатмалар берди.
Работиқалмоқ маҳалласида яна 10 дан ортиқ савдо ва сервис шохобчалари, Тадбиркорларга хизмат кўрсатиш маркази ҳам бор. Маҳалла фуқаролар йиғини биноси мукаммал таъмирланган. Аҳолининг бўш вақти мазмунли ўтиши учун “Отахонлар чойхонаси”, кутубхона, спорт майдончаси, ҳаммом ва хиёбонлар ташкил этилган.
Давлатимиз раҳбари бу шароитларни кўздан кечирди, шу ерлик Бахтиёр Пўлатов хонадонида меҳмон бўлди.