Президентнинг “2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги Фармони ва Давлат дастури лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилди. Ҳужжатга кўра:
➖ 2023/2024 ўқув йилидан бошлаб республиканинг барча вилоятлари ва Тошкент шаҳрида бошланғич синф ўқувчиларини бепул овқат билан таъминлаш йўлга қўйилади;
➖ 2023 йил 1 апрелдан бошлаб 27 та профессионал таълим муассасалари ўқитувчиларининг ойлик маошлари 20 фоизга оширилиб, ўртача 3 млн сўмга тенг бўлади;
➖ 2023 йил 1 июндан бошлаб республиканинг барча аҳоли пунктларида транспорт воситалари ҳаракатланишининг энг юқори тезлиги соатига 70 километрдан 60 километргача туширилади;
➖ тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқий ҳимоясини янада кучайтириш ва жавобгарлигини либераллаштириш мақсадида 2023 йил 1 мартдан бошлаб тадбиркорлик субъектларига нисбатан янги турдаги жавобгарлик ва жазо чораларини жорий этишга бир йиллик мораторий ўрнатилади;
➖ 2023 йилда 53 та “Янги Ўзбекистон” массивлари ва 161 та бошқа массивларда, жумладан, хусусий пудрат ташкилотлари томонидан янги уй-жойлар қуришнинг йиллик ҳажмлари 2 баробарга оширилиб, 90 мингга етказилади;
➖ 26 минг нафар фуқарога бозор тамойилларига асосланган ипотека кредитлари, шунингдек, 11 минг нафар фуқароларга бошланғич бадал ва фоиз тўловларининг бир қисмини қоплашга субсидиялар ажратиш учун Давлат бюджетидан етарли маблағлар йўналтирилади;
➖ 2023 йилда жамоатчилик фикри асосида шакллантириладиган лойиҳаларни молиялаштириш учун Давлат бюджетидан 8 трлн сўм, шундан “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари учун 4 трлн сўм йўналтирилади;
➖ 2023 йил 1 июлдан бошлаб, “Маҳалла бюджети” тизимини барча туманлар ва шаҳарларда жорий этиш орқали маҳаллаларга ўз муаммосини мустақил ҳал этиш ҳамда ижтимоий лойиҳаларни амалга ошириш учун 800 млрд сўмгача маблағ йўналтирилади;
➖ қуввати 20 кВт ва ундан паст бўлган қуёш, шамол ва биогаз электр станцияларини паст (0,23-0,4 кВ) кучланишли электр тармоқларига улаш учун техник шарт олиш талаб этилмаслиги белгиланмоқда;
➖ 2023 йил 1 сентябрдан бошлаб бюджет ташкилотларига қуёш панели ва иссиқ сув коллекторини ўрнатиш мажбурияти юклатилади ҳамда 2026 йилга қадар уларнинг бинолари энергия истеъмолининг 60 фоизи “яшил энергия”га босқичма-босқич ўтказилади.
Жамоатчилик муҳокамаси 17 февралгача давом этади, сиз ҳам унда ўз таклифларингиз билан фаол иштирок этинг: http://2023.strategy.uz/