Эрон ҳукуматга қарши тартибсизликларда айбланган биринчи намойишчини қатл қилди. Бу ҳақда CNN хабар берди.
Маълум қилинишича, айбланувчи Моҳсин Шекарий 8 декабрь куни эрталаб осилган. У «қўзғолон кўтаришда», Теҳрондаги асосий йўлни тўсиб қўйишда ва «Басиж» қаршилик кучлари аъзоси ёрдамида ҳужум қилишда айбланган.
1 ноябрь куни суд Шекарийни «ўлдириш, террор қўзғатиш ва жамият тартиби ҳамда хавфсизлигини бузиш мақсадида» муштлашишда айблаган. У қуролдан фойдаланиш ҳамда «худога душманлик»да ҳам айбдор деб топилган.
Фаолнинг айтишича, марҳум «ҳеч қандай қонуний жараёнсиз ҳукм қилинган. У ҳукм устидан апелляция берган, бироқ 20 ноябрь куни Олий суд қарорини ўз кучида қолдирган. Ҳозирга қадар намойишлар билан боғлиқ бўлган яна 10 киши «худога душманлик» ёки коррупцияда айбланиб, ўлим жазосига ҳукм қилинган.