Жорий йилнинг 25-октабр куни ижтимоий тармоқлар орқали Бухоро туманидаги 1-ИДУМ ўқувчиларидан суғурта бадаллари йиғилаётганлиги ҳақидаги хабар тарқатилди.
Мазкур ҳолат юзасидан халқ таълими бошқармаси томонидан ишчи гуруҳи тузилиб, ўрганиш олиб борилди. Ўрганиш жараёнида «ЎЗБEКИНВEСТ»экспорт-импорт суғурта компанияси АЖ Бухоро вилоят филиали ва «Ўзгаросуғурта» АЖ Бухоро тумани марказлари томонидан мактаб ўқувчилари, ўқитувчилари ҳамда ходимларини тўсатдан рўй бериши мумкин бўлган турли хил бахтсиз ходисалардан ижтимоий муҳофаза қилиш мақсадида суғурталаш ҳақида берган таклифи асосида мактаб раҳбарияти томонидан йиғилиш ўтказилиб, суғурта ихтиёрий эканлиги ҳақида таништирилганлиги аниқланди. Бу ҳақдаги маълумотларни ўқувчиларнинг ота-оналарига етказиш синф раҳбарларига топширилган. Фарзандларини ихтиёрий равишда суғурта қилиш истагини билдирган ота-оналар бадал пулларини синф раҳбарларига етказишган.
Ишчи гуруҳ томонидан суғурта бадалларини бевосита ота-оналарнинг ўзлари компанияга бориб амалга оширишлари тушунтирилиб, пуллар ўз эгаларига қайтарилди.
Ўз лавозим вазифасини бажаришда масъулиятсизликка йўл қўйганлиги учун мактаб директорига нисбатан белгиланган тартибда интизомий жазо чораси кўрилиши белгиланди.
Бухоро вилояти халқ таълими бошқармаси Ахборот хизмати