Қадрли тумандошлар, миришкор фермер ва деҳқонлар!
Жорий йилда ҳам тумандаги 374 та фермер хўжаликлари эрта баҳордан заминга барака уруғини қадаб, Яратгандан мўл ҳосил тилаган ҳолда яхши ният билан 9 минг 105 гектарга барака уруғини қадаган эдилар.
Қишнинг изғиринли кунлари, ёзнинг қайноқ тафтини писанд қилмаган бободеҳқонлар юқори унумли техникалар ёрдамида йилнинг ҳар қандай фаслида белгиланган агротехник тадбирларни ўз вақтида ва сифатли амалга оширдилар.
Натижада, қилинган меҳнат ўз самарасини бериб, вилоятда биринчилардан бўлиб давлатга пахта хом ашёси топшириш режаси 32 минг 400 тоннадан ошириб бажарилди. Эришилган мазкур ғалаба натижасида жорий йил пахта ҳосилидан 330 миллиард сўмлик даромад олиш имкони туғилди.
Қўлга киритилган бу муваффақиятда туманимиздаги механизаторлар, сувчилар, хўжаликлар ишчи-ходимлари, отрядлар, теримчиларнинг бир ёқадан бош чиқариб, ўзаро ҳамжиҳатликда иш олиб боргани, бириктирилган вакиллар, ҳудуд раҳбарлари, фермерлар, қишлоқ хўжалиги соҳасидаги мутасаддиларнинг улкан ҳиссасини эътироф этиш зарур.
Йиллар мобайнида пахтачиликда тўпланган тажриба, ҳосил йиғим-теримининг тез, сифатли ва ҳар йилгидан эрта амалга оширилиши, кейинги йилларда қишлоқ хўжалигида олиб борилаётган ислоҳотлар ҳамда кластер усулида маҳсулот етиштиришнинг йўлга қўйилгани, ерга бўлган муносабатнинг тубдан ўзгариб, моддий манфаатдорлик ошгани ҳам ана шундай улкан ютуқнинг қўлга киритилишига сабаб бўлди.
Ҳурматли шофирконликлар!
Барчангизни эришилган меҳнат ғалабаси билан самимий муборакбод этар эканман, давлат хирмонига қўшилаётган бу улуш халқимиз, қолаверса, тумандошларимиз ҳаёт сифатини яхшилаш, оилавий даромадини кўпайтириш, ижтимоий муҳофазага муҳтож аҳоли қатламини ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, турмуш даражасини ошириш, ҳудудларни ҳар томонлама ривожлантиришда муносиб ҳисса бўлишига шубҳа йўқ.
Фурсатдан фойдаланиб, барча заҳматкашларнинг оиласига тинчлик-хотиржамлик, соғлик-саломатлик, қут-барака тилаган ҳолда машаққатли меҳнат самараси сифатида олинган ҳосил хирмонингиз баракали бўлсин, деб қоламан, зафар муборак азиз тумандошлар!
Жамшид Шаропов,
Шофиркон тумани ҳокими.