Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов бошчилигидаги делегация айни пайтда Индонезия давлатида бўлиб турибди.
Ташриф аввалида Ботир Зарипов дунёнинг энг катта мусулмон ташкилоти саналган Надҳлатул Уламо раисати билан учрашувда иштирок этди. Учрашувда мазкур ташкилот ва Бухоро вилояти ўртасида яқин биродарлик муносабатларини йўлга қўйиш, хусусан, туризм йўналишидаги соҳа вакиллари билан музокаралар олиб бориш орқали Бухоронинг зиёрат туризмини кенг тарғиб қилиш, авиақатновларни йўлга қўйиш ва Индонезиядан сайёҳлик оқимини кўпайтириш каби масалалар муҳокамалар марказида бўлди.


Надҳлатул Уламо ташкилотининг бошқарувчи директори ўринбосари КҲ. Зулфа Мустафа Ўзбекистондан етишиб чиққан ислом дунёсининг йирик намоёдалари, инсоният тамаддунига улкан ҳисса қўшган Имом Бухорий, Баҳоуддин Нақшбандий каби буюк алломалар илмидан бутун дунё мусулмонлари, шу жумладан, индонезияликлар ҳам баҳраманд ва миннатдор эканликларини мамнуният билан таъкидлади. Уларнинг табаррук қадамжоларига сайёҳларни кенг жалб қилишда ҳамкорликка тайёрлигини билдирди.
Шунингдек, мулоқотда «Индонезия-Ўзбекистон», «Ўзбекистон-Саудия Арабистони-Индонезия» йўналишларида авиақатновларни йўлга қўйиш, Бухорода ислом дунёси олимлари иштирокида учрашувлар ташкил этиш, Бухоро ва Бухорийлар ҳақида ҳужжжатли фильм суратга олиш ва уни Индонезия телеканаллари орқали доимий тарзда эфирга узатиш, зиёрат туризми маршрутларини Самарқанддаги Имом ал-Бухорий зиёратгоҳи орқали Бухородаги етти пир зиёратгоҳларигача белгилаш, Мамлакатимизнинг зиёрат-туризм салоҳияти ва маданий-тарихий меросини Индонезия жамоатчилиги ва Надҳлатул Уламо ташкилоти аъзолари орасида кенг тарғиб қилиш бўйича фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Ташриф доирасида Индонезия Республикаси парламенти Вакиллар палатаси спикерининг саноат ва тараққиёт масалалари бўйича ўринбосари Раҳмат Гобел билан учрашув бўлиб ўтди.
Индонезия парламенти вице-спикери делегация аъзоларини Индонезияга ташрифи билан қутлаб, икки давлат ўртасидаги турли соҳалардаги ҳамкорлик алоқалари мустаҳкамланиб бораётганини қайд этди. Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларни юқори баҳолади. Шунингдек, Ўзбекистон томонидан халқаро майдонда илгари сурилаётган ташаббусларни Индонезия тарафидан тўла қўллаб-қувватлашини билдирди.
Суҳбат чоғида Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов кейинги йилларда мамлакатимизда Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ҳақида сўзлаб берди. Жумладан, давлат ва жамият қурилишини такомиллаштириш, қонун устуворлигини таъминлаш, суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, диний бағрикенгликни таъминлаш ва ўзаро манфаатли, амалий ташқи сиёсат соҳасидаги устувор йўналишларда амалга оширилаётган ишларга батафсил тўхталиб ўтилди.
Томонлар савдо-иқтисодий, инвестициявий ва маданий-гуманитар соҳалардаги икки томонлама ҳамкорликнинг фойдаланилмаган катта салоҳиятини қайд этиб, икки мамлакат учун устувор бўлган йўналишларда аниқ қўшма лойиҳаларни амалга ошириш орқали самарали ҳамкорликни чуқурлаштириш ва кенгайтиришдан манфаатдор эканликларини билдирдилар.