Когонда ўнлаб дарахтлар оммавий кесилаётгани тўғрисидаги видео ўрганиб чиқилди.
Мазкур ҳолат юзасидан туман ҳокими, туман прокурори ва бошқа масъуллар зудлик билан воқеа жойига етиб боришиб, ўрганиш олиб борилди.
Ўрганишда, мазкур дарахт ва буталар кесилган ер майдони Когон туман “Ўба-чўли” МФЙ Қаллуқ қишлоғи ҳудудидаги 3993-контурда жойлашганлиги, “Бухоро мевалар камалаги” фермер хўжалигига қарашли эканлиги, ушбу ер майдонида 260 туп қароли ва бошқа мевали дарахтлар тагидан қазиб олинганлиги аниқланди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 17.01.2019 йилдаги 43-сонли қарорига илова сифатида тасдиқланган “Давлат ўрмон фондига кирмайдиган ерларда дарахтлар ва буталарни экиш, парвариш қилиш, кесиш ҳамда дарахтларни хатловдан ўтказиш тартиби тўғрисида”ги Низомнинг 2-бандида мазкур талаб ва таъқиқлар юридик ёки жисмоний шахсларнинг шахсий мулки бўлган ва улар томонидан қурилиш материали ҳамда ҳосил олиш мақсадида экилган дарахтлар ва буталарга нисбатан татбиқ этилмаслиги белгиланган.
Шунингдек, ушбу Низомнинг 37-бандида юридик ёки жисмоний шахсларнинг мулки бўлган ва улар томонидан ёғоч-тахта ва ҳосил олиш учун экилган дарахтлар ва буталарни кесишга Давлат экология қўмитаси органларининг хулосаси талаб этилмаслиги назарда тутилган.
Шунга кўра, “Бухоро мевалар камалаги” фермер хўжалиги раҳбари И.Ўринов томонидан 29.08.2022 йилда Бухоро вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармасига дарахтларни бошқа мевали дарахтларга алмаштриш учун рухсат беришни сўраб қилган мурожаати юзасидан 30.08.2022 йилда дарахтлар юридик шахснинг мулки ҳисобланиши сабабли экология органлари томонидан рухсат талаб этилмаслиги ҳақида жавоб хати тақдим қилинган.
Туман сектор раҳбарлари ва соҳа масъуллари томонидан “Бухоро мевалар камалаги” фермер хўжалили раҳбари И.Ўринов билан олиб борилган суҳбатда, фермер хўжалиги раҳбари ер майдонидаги дарахт кўчатлари 5 йилдан буён ҳосилга кирмаганлиги сабабли бошқа мевали дарахт кўчатларига алмаштириш мақсадида қазиб олганлигини билдирди.