Вазирлар Маҳкамаси “Электр, иссиқлик энергияси, газдан фойдаланиш қоидаларини бузиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги фотосуратлар ва (ёки) видеоёзувларни қабул қилиш, кўриб чиқиш ҳамда уларни тақдим этган шахсларни рағбатлантириш тартиби ҳақидаги низомни тасдиқлаш ҳақида“ги қарор лойиҳасини Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар муҳокамаси порталига қўйди. Лойиҳа 6 июнь санасига қадар жамоатчилик муҳокамасида бўлди.
Вазирлар Маҳкамаси бу лойиҳа президентнинг “Ёқилғи-энергетика соҳасида давлат назорати механизмларини такомиллаштириш ва ‘рақамли энергоназорат’ тизимини жорий этиш тўғрисида”ги фармони ижросини таъминлаш, шунингдек, ёқилғи-энергетика ресурсларидан оқилона фойдаланишда жамоатчилик назоратини ўрнатиш, жамиятда бу каби ҳуқуқбузарликларга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш мақсадида ишлаб чиқилганини таъкидлаган.
Таклиф этилаётган ҳужжатга кўра, электр, иссиқлик энергияси ва газдан фойдаланишни назорат қилиш, шунингдек, ёқилғи-энергия ресурсларини талон-торож қилиш, улардан оқилона фойдаланишга нисбатан бепарво муносабатда бўлишни олдини олиш соҳасида жамоатчилик назоратини амалга оширишга қаратилган “Энергоназорат” платформаси ишлаб чиқилади.
2023 йил 1 сентябрдан бошлаб:
жисмоний шахсларнинг видеокузатув ва тасвирга олиш техника воситалари ҳамда мобил қурилмалари орқали қайд этилган электр, иссиқлик энергияси, газдан фойдаланиш қоидаларини бузиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда белгиланган тартибда кўриб чиқилади;
ҳуқуқбузарлик ҳолатлари тўғрисидаги видеоёзувларни юборган шахслар ҳуқуқбузардан ундирилган жарима ҳисобидан базавий ҳисоблаш миқдорининг икки бараваригача бўлган миқдордаги пул мукофоти билан рағбатлантирилади (БҲМ = 330 минг сўм)
Жисмоний шахсларнинг видеотехника воситалари орқали қайд этилган ҳуқуқбузарлик ҳолатлари бўйича ҳуқуқбузарлардан ундирилган жарималар қуйидагиларга йўналтирилади:
Энергетика вазирлиги ҳузуридаги Электр энергияси, нефть маҳсулотлари ва газдан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси ҳисобварағига — ундирилган сумманинг 50 фоизи;
тегишлилиги бўйича электр ва иссиқлик энергияси ҳамда табиий газ таъминоти корхоналари ҳисобварақларига — ундирилган сумманинг 50 фоизи.
Таъкидланишича, ҳуқуқбузарлик ҳолатлари тўғрисидаги видеоёзувларни тақдим этган шахслар тўғрисидаги маълумотларнинг ошкор этилишига йўл қўйилмайди.
Эслатиб ўтамиз, фуқаролар нотўғри жойга ахлат ташланган ҳолатлар, лицензия соҳасидаги қонун бузилишлари, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар ҳақида хабар берганликлари учун ҳам пул мукофоти олишади.