Иқтисодиёт ва молия вазирлиги маълумотига кўра, ҳозирда мамлакатда 2,8 миллион нафар ўзини ўзи банд қилган шахс мавжуд бўлиб, уларнинг қарийб 800 минг нафари ихтиёрий равишда ижтимоий солиқ тўлаб келмоқда.
Амалда базавий ҳисоблаш миқдори (412 минг сўм) миқдорида ижтимоий солиқ тўлаган фуқарога бир йиллик иш стажи ҳисобланади. Янги тартиб эса пенсия стажини шакллантириш, шунингдек, касаллик ёки бола парвариши муносабати билан нафақа олиш имкониятларини кенгайтиришга қаратилган.
Шу билан бирга, пенсия ҳисоблаш тартибини такомиллаштириш ҳам таклиф этилмоқда. Жумладан, пенсия ҳисобида инобатга олинадиган иш ҳақи даврини 5 йилдан 20 йилгача узайтириш ва пенсия миқдорини ошириш режалаштирилган.

