USD10 427.380.00%
RUB137.90+0.92%

Яшасин очиқлик, “яшасин” монополия!

Яшасин очиқлик, “яшасин” монополия!

Яқинда Қонунчилик палатасининг бир гуруҳ депутатлари (Р.Кушербаев, Д.Ғаниев, Б.Эшмурзаев) Давлат божхона қўмитаси раиси ҳамда Молия вазирига “UzAuto Motors” АЖ ва “Жиззах автомобиль заводи” МЧЖ учун автомашиналарни импорт қилишда импорт божи ва утилизация йиғимидан озод қилиш борасида Ҳукумат қарори ёки имтиёзли ҳуқуқ тақдим этилганлиги борасида батафсил маълумот бериш ҳамда мамлакат автомобил бозоридаги рақобат муҳитини яхшилаш, истеъмолчилар манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида автомобиллар учун импорт божларини камайтириш масаласи бўйича ўз нуқтаи-назарини баён этишни сўраб “депутатлик сўрови” юборган эдик.

Кеча сўровга Давлат Божхона қўмитасидан жавоб келгани хабарини етказишди, аммо жавобни қўлимизга беришмади. Чунки жавоб махфий ҳужжат сифатида юборилибди…

Тасаввур қилаяпсизми: жамиятни, жамоатчиликни қизиқтираётган, давлат ва жамият хавфсизлигига боғлиқ бўлмаган масалада бизнинг очиқ юбораётган сўровларимизга жавоблар махфий, қўмита раисининг нуқтаи назари ҳам махфий ва биз ундан фойдалана олмаймиз. Кулишни ҳам йиғлашни ҳам билмайсан.

Бошқалардан фарқли ўлароқ депутат фаолияти очиқ бўлиб, жамоатчиликни қизиқтирган масалалар юзасидан ошкора мулоқотлар олиб боришни бурчимиз, деб билганимиз сабабли келгусида бизни қандайдир “қўрқинчли сир”ларни ошкор этиб, йўқ обрўсини туширишда айбламасликларини ҳохладик. Шундоғам пайт пойлаб туришибди.

Шу нуқтаи назардан қўлимизга олиш мумкин бўлмаса-да фақат танишиб, кейин жим юрилиши керак бўлган махфий жавоб билан танишишдан бош тордик.

Шу боис, бу сўровга жавоб олмадик, деб ҳисобласак ҳам бўлаверади.

Шубҳалар тасдиғини топиб бораяпти…

Катта эҳтимол билан Молия вазири ҳам жавобда шундай “приём” қўлласа керак. Кутамиз, лекин қайтиш йўқ.

Ҳозирча эса яшасин очиқлик, “яшасин” “UzAuto Motors” монополияси!

Расул Кушербаев

Мавзуга оид