Ҳар бир оила, ҳар бир маҳалла бугунги кунда фарзандларимиз таълим-тарбиясини энг асосий вазифа сифатида билиб, ёшларни халқимизга ёт ва зарарли бўлган салбий таъсирлардан ҳимоя қилган ҳолда, уларни миллат ва давлат тараққиётининг келажак бунёдкори этиб тарбиялаши ҳам қарз, ҳам фарздир. Зеро, инсон ҳаёти одоб-ахлоқ, таълим-тарбия билан бевосита боғлиқдир.
Айниқса, “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг қабул қилиниши ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашнинг ҳуқуқий механизмларини яратиш соҳасидаги янгилик бўлди. 4 боб, 33 моддадан иборат мазкур қонунда ёшлар ҳуқуқ ва эркинликлари том маънода таъминланган, десак муболаға бўлмайди.
Хусусан, ушбу қонуннинг 5-моддасида ёшларга оид давлат сиёсатининг асосий йўналишлари белгиланган. Ушбу йўналишлардан давлат томонидан ёшларни қўллаб-қувватлаш борасида қанчалик улкан вазифалар қамраб олинганлигини, эндиликда мазкур қонун ёшларга қандай имкониятларни кафолатлаётганини кўриш мумкин.
Шунингдек, қонунда ёшларни давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари, иқтидорли ва истеъдодли ёшларни, ёшлар тадбиркорлигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, ёшлар ижтимоий хизматига оид нормалар ўз аксини топган.
Янги Ўзбекистон ёшлари келажагимиз ва истиқболимиз пойдеворидир. Бугунги кунда юртимизда бўлаётган кўплаб ислоҳотлар натижаси ўлароқ ҳаётимиз кундан-кунга яхшиланиб бормоқда. Айниқса, олий таълим соҳасидаги ислоҳотлар ва имкониятлар йигит-қизларнинг малакали мутахассис бўлиб ҳаётга кириб келишида муҳим омил бўлмоқда. Сўнгги йилларда бу борада қатор меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар ишлаб чиқилдики, улар ёшларнинг интилиш ва иқтидорини қўллаб-қувватлаш, рағбатлантиришда, раҳбар кадрларнинг бошқарув салоҳиятини юксалтиришда янги тизимни шакллантирди. Хусусан, 2021-2022 ўқув йилида эҳтиёжманд оилалардаги хотин-қизлар учун олий таълим муассасасига ажратиладиган давлат грантлари сони ҳудудлар кесимида тасдиқланди.
Унга кўра, тавсияномага эга бўлган хотин-қизлар учун бакалавриатнинг кундузги таълим шакли бўйича 2 000 та қўшимча грант ўринлари ажратилди. Шунингдек, тавсияномага эга хотин-қизларга рўйхатдан ўтиш жараёнида танланган бакалавриат таълим йўналишлари устуворлигига қараб дастлаб давлат гранти, кейинчалик тўлов-контракт асосида танловда иштирок этиш бўйича қўшимча имконият берилади. Муҳим ўзгаришлардан яна бири ўқишга киришда хотин-қизларга, имконияти чекланган ёшлар учун грантлар ажратилганлигидир. Энг муҳими, ўтган йилдан бошлаб давлатимиз халқаро ва нодавлат олий таълим муассасаларига грант беришни бошлади. Билими бор, аммо моддий тарафлама қийналган ёшлар учун бу катта имконият.
Эътиборга молик яна бир янгилик сифатида 2022 йилнинг 18 июлда Президентимизнинг “Олий, ўрта махсус ва профессионал таълим ташкилотларида хотин-қизларнинг таълим олишларини қўллаб-қувватлашга доир чора-тадбирлар тўғрисида” ги қарори қабул қилинганини айтишимиз мумкин. Қарорга мувофиқ, 2022-2023 ўқув йилидан бошлаб, олий таълим муассасаларининг барча шаклида ўқиётган талаба қизлар учун 7 йилга мўлжалланган фоизсиз кредитлар ажратилиши йўлга қўйилди. Талаба ўқишни битирганидан сўнг 7 ойдан бошлаб, олган кредитларини қайтаради.
Тизимда қабул ва таълим жараёни рақамлаштирилган. Бундан 3-4 йил олдин абитуриентларнинг ҳужжатларини қабул қилиш учун ҳар хил ташкилотлардан турли маълумотномалар сўралар эди. Ҳозирда мазкур жараённинг барчаси рақамлаштирилди.
Нафақат таълим, балки юртимизда ёшлар спорти учун ҳам кенг кўламли имкониятлар яратилди. 2022 йилнинг 11 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан “Маҳаллаларда ёшларни оммавий спортга жалб қилишни янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарор имзоланди. 2022 йилдан бошлаб ҳар йили анъанавий тарзда 30 июнь – Ўзбекистон Республикаси ёшлари куни ҳамда декабрь ойида ўтказиладиган “Ёшлар форуми” доирасида спортнинг футбол, мини-футбол, волейбол, енгил атлетика, шахмат, шашка, стол тенниси, стритбол, воркаут турлари бўйича беш босқичли оммавий спорт мусобақаларини ўтказиш тизими жорий этилди.
Шунингдек, “Беш ташаббус олимпиадаси” доирасида китобхонлик, маданият ва санъат, интеллектуал ўйинлар, ахборот технологиялари ҳамда спорт турлари бўйича мусобақалар ўтказилиб келинмоқда.
Ўз ўрнида айтиш жоизки, ҳужжатга мувофиқ “Беш ташаббус олимпиадаси” олимпия ҳамда миллий спорт турлари бўйича уч босқичли умумреспублика спорт мусобақалари давомида ғолиб ва совриндорларни (1-3 ўрин) тайёрлаган умумий ўрта таълим мактабларининг жисмоний тарбия фани ўқитувчилари ва спорт-таълим муассасаларининг тренерлари малака аттестациясига жалб этилмайди ва уларга тўғридан-тўғри малака тоифалари берилади. Қолаверса, Ёшлар ишлари агентлиги ташаббуси билан ташкил этилган “Ёш китобхон” танлови ҳам ёшларга берилаётган эътиборнинг муҳим кўринишларидан биридир. Танловнинг республика босқичи ғолибларига Президент совғаси “Спарк” автомашинаси топширилади.
Юртимизда кейинги йилларда иқтисод, қурилиш, тиббиёт соҳаларида ҳам катта ўзгаришлар бўлди. Жумладан, “Янги Ўзбекистон – рақобатбардош маҳсулотлар юрти” дастури ўз самарасини бермоқда. Бир йил ичида қарийб 2 мингта тадбиркор илк бор хорижий бозорларга чиқди. Экспорт қилувчиларнинг транспорт ва бошқа харажатларини қоплаш амалиёти давом эттирилади.
Республикада уй-жойлар қуриш ҳажми 1,5 баравар оширилади. Бундан ташқари, фуқароларни муносиб уй-жой билан таъминлаш тўғрисидаги қоида мамлакат Конституциясига киритилиши кўзда тутилмоқда. Бундай ислоҳотлар халқни янада руҳлантиряпти.
Шундай экан барчамиз Янги Ўзбекистоннинг юксалиши учун бир тан-у, бир жон бўлиб ҳаракат қилайлик.
Мирали Ҳамроев,
Бухоро вилояти ҳокими ўринбосари
Рустамжон Раҳимбоев,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Ёшлар парламенти аъзоси