Ўзбек халқининг хоҳиш иродаси сифатида 2023 йил 30 апрелда ўтказилган референдумда умумхалқ овоз бериш орқали Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирдаги Конституцияси қабул қилинганлиги Янги Ўзбекистонни барпо этишнинг конституциявий асосларини мустаҳкамлашга хизмат қилди.
Янги Ўзбекистон Конституциясининг қабул қилиниши халқ манфаатлари йўлида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар учун конституциявий-ҳуқуқий асосни янада мустаҳкамлаб берди.
Шу асосда, муҳтарам Президентимиз томонидан халқимизнинг эркин ва фаровон, қудратли Янги Ўзбекистонни барпо этиш бўйича хоҳиш-иродасини рўёбга чиқариш, ҳар бир фуқарога ўз салоҳиятини ривожлантириш учун барча имкониятларни яратиш, соғлом, билимли ва маънавий баркамол авлодни тарбиялаш, глобал ишлаб чиқаришнинг муҳим бўғинига айланган кучли иқтисодиётни шакллантириш, адолат, қонун устуворлиги, хавфсизлик ва барқарорликни кафолатли таъминлаш мақсадида Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясини амалга ошириш жараёнида орттирилган тажриба ва жамоатчилик муҳокамаси натижалари асосида ишлаб чиқилган «Ўзбекистон — 2030» стратегияси тасдиқланди.
«Ўзбекистон — 2030» стратегиясида асосий ғоялар сифатида қуйидагиларни кўришимиз мумкин:
барқарор иқтисодий ўсиш орқали даромади ўртачадан юқори бўлган давлатлар қаторидан ўрин олиш;
аҳоли талабларига ва халқаро стандартларга тўлиқ жавоб берадиган таълим, тиббиёт ва ижтимоий ҳимоя тизимини ташкил қилиш;
аҳоли учун қулай экологик шароитларни яратиш;
халқ хизматидаги адолатли ва замонавий давлатни барпо этиш;
мамлакатнинг суверенитети ва хавфсизлигини кафолатли таъминлаш.
Хулоса қилиб айтганда, «Ўзбекистон — 2030» стратегиясини амалга ошириш ва унинг мақсадли кўрсаткичларига эришиш барча давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятида энг устувор вазифа этиб белгиланганлиги ҳамда бу бўйича уларнинг биринчи раҳбарларига шахсий масъулият юкланганлиги мазкур стратегиянинг муҳим аҳамият касб этишидан ва бунга қадар амалга оширилган ислоҳотлар йўлида муҳим қадам бўлганлигини англатади.
Алишер Бобомуродов,
Бухоро туманлараро маъмурий судининг раиси