USD10 525.63+0.13%
RUB138.47+0.43%

Вояга етмаганлар меҳнатидан фойдаланиш таъқиқланади

 Вояга етмаганлар меҳнатидан фойдаланиш таъқиқланади

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ва Қонунчилик Палатаси томонидан тасдиқланган “Ишга қабул қилиш учун энг кичик ёш тўғрисида” ги ҳамда “Болалар мехнатининг оғир шаклларини таъқиқлаш ва йўқ қилишга доир шошилинч чоралар тўғрисида”ги Конвенциялар қоида ва меъёрларини мамлакат қонун ҳужжатларига сингдириш жараёни юзасидан қўшма қарори қабул қилинган.

Шунга кўра барча корхона ва ташкилотларда, жамиятларда, кичик корхона ва фирмаларда, фермер хўжаликлари ва қўшма корхоналарда, муассасаларда биринчи галда вояга етмаганлар ва ёшлар меҳнати мухофазаси меъёрларига, вояга етмаганлар меҳнатидан фойдаланиш таъқиқланадиган ишлар ва касблар рўйхатига тўлиқ амал қилиниши ҳамда ноқулай ишларга вояга етмаганларни жалб қилмаслик иш берувчиларнинг доимий назоратида бўлиши лозим.

Мактаб ёшидаги болаларни бозорлар, савдо ва хизмат кўрсатиш мажмуалари, фермер хўжаликларида амалдаги қонунчиликка зид тарзда меҳнатга жалб қилиш ҳолатларига барҳам бериш чораларини кўришимиз зарур. Бу мақсадда мактаб ўқувчиларининг давоматидаги камчиликлар олдини олишимиз, ўқувчилар ва уларнинг ота-оналари ўртасида давомат масаласида доимий тушунтириш ишлари йўлга қўйилиши лозим.

Вояга етмаганлар меҳнатидан шу тоифа ходимлар соғлиги, хавфсизлиги ёки ахлоқ-одобига зиён етказиши мумкин бўлган мехнат шароити ноқулай ишларда, ер ости ишларида, асфальт-бетон ишларида, қишлоқ хўжалигининг айрим ишларида, шунингдек, пайвандлаш, баландликдаги ишларда, кўмир саноатида ва ҳоказо ишларда фойдаланиш таъқиқланади. Шу билан бирга, вояга етмаганлар (ўн саккиз ёшга тўлмаган шахслар) учун амалдаги қонунчилигимизда бир қатор меҳнат ҳуқуқлари ва кафолатлари белгиланган.  Улар дастлабки ва даврий мажбурий тиббий кўрик, меҳнатга оид ҳуқуқий мунособатларда катта ёшдаги ходимлар билан тенг ҳуқуқда бўлиши, узайтирилган меҳнат таътили (камида 30 календарь кунидан иборат йиллик таътил ва бу таътилдан ёз вақтида ёки йилнинг ўзлари учун қулай бўлган бошқа вақтида фойдаланиши), қисқартирилган иш вақти (16 ёшдан 18 ёшгача бўлган ходимлар учун ҳафтасига 36 соатдан, 15 ёшдан 16 ёшгача бўлган шахслар (таътил даврида ишлаётган 15 ёшдан 16 ёшггача бўлган ўқувчилар) учун эса ҳафтасига 24 соатдан ошмайдиган қилиб белгиланиши зарур. Вояга етмаганлар кўтаришлари ва ташишлари мумкин бўлган юк нормаларининг чегараси ўсмирлар учун 13, қизлар учун 7 килограмдан ошмаслиги белгиланган.

Ишни таълим билан бирга қўшиб олиб бораётган вояга етмаган шахслар иш жойидан ҳақ тўланадиган қўшимча таътилга чиқиш, қисқартирилган иш ҳафтаси шароитида ишлаш ва бошқа имтиёзлар олиш ҳуқуқига эгадирлар. Вояга етмаганлар ҳуқуқларига оид қонун ҳужжатларини бузганлик учун мансабдор шахсларга нисбатан жавобгарлик назард тутилган. Ўзбекистон Республикаси “Маъмурий жавобгарлик тўғрисида”ги Кодексининг 49-моддаси учинчи қисмига биноан: мансабдор шахс томонидан вояга етмаганларга нисбатан меҳнат ва меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг бузилиши, базавий хисоблаш миқдориининг 10 бараваридан 20 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади. Кодекснинг 49′-моддаси “Вояга етмаган шахсларнинг меҳнатидан фойдаланишга йўл қўймаслик тўғрисида”ги талабларни бузиш” Вояга етмаган шахс меҳнатидан унинг соғлиги, хавфсизлиги ёки ахлоқ-одобига зиён етказиш мумкин бўлган ишларда фойдаланиш-базавий ҳисоблаш миқдориининг 10 бараваридан 20 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади. Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 1481-моддасига асосан, вояга етмаган шахс меҳнатидан унинг соғлиғига, хавфсизлигига ёки ахлоқ-одобига зиён етказиши мумкин бўлган ишларда фойдаланиш, худди шундай қилмиш учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, – базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма беш бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёхуд уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.

Мазкур 1482-моддаси 2-қисмига асосан вояга етмаган шахсини меҳнатга бирон-бир шаклда маъмурий тарзда мажбурлаш–базавий ҳисоблаш миқдорининг 150 бараваридан 200 бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.

Вояга етмаганларни ишга қабул қилишда ва меҳнат жараёнида берилган имтиёз ва кафолатлар уларнинг меҳнатидан оқилона фойдаланишга, тўлақонли камол топишига, соғлиғига зиён етмайдиган иш ўринлари яратишга ва юрт равнақи учун керакли кадрлар  тайёрлашга қаратилган бўлиб, мулкчилик шаклидан қатъий назар, барча корхона ва ташкилотларда амал қилиниши шарт. Зеро, жорий йилнинг “Ёшларни қўллаб- қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлиш йили” деб номлангани ҳам давлатимизнинг ёшларга бўлган эътибори ва ғамхўрлиги намунасидир.

Мавзуга оид