Айни кунларда бутун мамлакатимиз бўйлаб “Жонажон юртим ободлигига ўз ҳиссамни қўшаман!” шиори остида “Обод маҳалла, обод кўча, обод хонадон” дастури доирасидаги кенг қамровли ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш тадбирлари амалга оширилмоқда. Хусусан, Вобкент туманининг ”Кўлодина” маҳалласида ҳам Республика ишчи гурухи бошчилигида ишлаб чиқилган режавий-жадвал асосида маҳаллада фуқароларнинг ўзлари яшаб турган хонадон, кўча ва маҳалла ҳудудини ободонлаштириш, хонадонларда юксак санитария маданиятини қарор топтиришда ўзаро бирлашиб, аҳил-иноқлик билан ободонлаштириш ойлиги тадбирларида фаол иштирокини таъминлашга қаратилган ишлар бошлаб юборилди.
Биз бугун “Кўлодина” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги қишлоқлардаги олиб борилаётган ободонлаштириш ишлари билан яқиндан танишдик. Шу ҳудудда жойлашган аҳоли, ободонлаштириш бўлимининг ишчи ходимлари, тадбиркорлар, фермер хўжаликлари ишчи-ходимлари кўча бўйларига экилган дов-дарахтларга шакл бериш, оқлаш, уйларнинг фасад қисмларини таъмирлаш, безатиш, сўлим гулзорлар барпо этиш ишларини бажаришда фаоллик кўрсатишаётганини гувоҳи бўлдик.
- Нафақат ушбу кўча ободлигига, балки маҳалламизнинг ҳар бир кўчаси ҳамда хонадонларида бу каби тадбирлар амалга оширилмоқда, -дейди “Кўлодина” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Бекмурод Камолов. Фуқароларимизнинг аҳил-иноқлиги, ҳамфикр ва меҳнаткашлиги мана шундай ҳашарларда яққол намоён бўлмоқда.Туман ҳокими Ф. Умаров ҳам қишлоқдаги хонадонларга кириб, аҳолининг яшаш шароитини бирма-бир ўрганмоқда.
Хонадон вакиллари ҳам яшаш уйлари атрофларини тозалаш, кўчага янада кўтаринки руҳ ва нафосат бағишлаш мақсадида қурилиш, таъмирлаш ишларини олиб бормоқдалар.
Дарвоқе, уй ҳам, кўча ҳам ўзимизники, унинг тозалиги ва ободлиги эса она Ватанимиз гўзаллигига гўзаллик қўшади.
Дарҳақиқат, “Кўлодина” маҳалласида бугунги кунда барча қишлоқлари обод гўшаларга, кўркам масканга айланиб, намунавий хонадон ва кўчалар сони ортиб боради. Натижада эса одамларимизнинг ўз ҳаётига бўлган ишончи юксалиб, яшашга, келажакка бўлган интилиши кучаймоқда. Ободлик бор жойда, файзу барака, ривожланиш бўлади.