Вобкентда эрта тонгдан карнай-сурнай садолари янграб, эл-улус байрам шодиёналарига чорланди.
Туманнинг ўнга яқин маскани – “Ёшлик” ўйингоҳи, маданият ва истироҳат боғлари, аҳоли билан гавжум бўлиб, ўзгача тароват касб этди.
Ушбу масканлардаги халқ сайилларида корхона ва ташкилотлар, таълим муассасалари томонидан азалий урф-одатларимизга мувофиқ дастурхон безатилди. Баҳорий таомлар, ширмой кулчалару патирлар, дошқозонларда тайёрланган сумалак дастурхонларга тортилди. Баҳорий гўзалликка мос қизлар ўзбекона одатларга биноан келин саломлар қилдилар.




Сайилларда турли халқ ва спорт ўйинлари, лапару айтишувлар, айниқса, ўлмас қадриятларимизни намойиш этишга кенг ўрин берилди. Кексалар тўкин дастурхон атрофида ўтириб, юртимиз тинчлиги, фарзандларимиз омонлиги, деҳқончилигимиз баракаси учун дуога қўл очдилар.
Асосий байрам тадбирини нишонлаш учун туман жамоатчилиги вакиллари, меҳмонлар “Ёшлик” ўйингоҳига йиғилдилар. Туман ҳокими Ф.Умаров қадимий ва гўзал байрам – Наврўзи олам билан барчани яна бир бор чин дилдан табриклаб, Наврўзи олам ҳар бир хонадонга, жонажон Ўзбекистонимизга, аввало, тинчлик-хотиржамлик, соғлик-омонлик, бахт-у саодат ҳамда файз-у барака олиб келишини, илоҳим, жамики улуғвор мақсадларимиз, яхши ният ва улкан режаларимиз рўёбга чиқиши, Ватанимиз янада обод, халқимиз ҳаёти ҳамиша фаровон бўлишини айтиб барча вобкентликларни Наврўз байрами билан табриклади!
Байрам тадбири давомида миллий кураш мусобақалари ўтказилиб, ғолиб ва совриндорларга диплом ҳамда қимматбаҳо соағалар топширилди.