Вобкент туманида жорий йилда 333 та фермер хўжалиги томонидан 9674 гектар майдонларига 40 та экишгичлар иштирокида чигит экилади.
Айни пайтда туманда чигит экиш ишлари авжида. Ҳозирги кунда чигитни мақбул муддатларда тез ва сифатли экиб, ундириб олиш, мўл ҳосил етиштиришда ўз самараларини беради.
Бунинг учун мавжуд техникалар кучидан оқилона фойдаланишга тўғри келади. Мутахассисларнинг фикрича, чигит белгиланган муддатларда экилса эртанги, бир текис ва соғлом кўчат олинади. Чигитни муддатидан олдин ёки кеч экиш кутилган натижани бермайди. Вобкент тумани “Қўнғирот” ҳудудидаги “Равшан Рашид Лочинбек” фермер хўжалигида бўлиб ўтган семинарда Вобкент туман ҳокими ўринбосари О.Нўкаров бошчилигида қишлоқ хўжалиги ходимлари ва фермер хўжалиги раҳбарлари иштирокида чигит экиш жараёнлари бошланди.
Ушбу фермер хўжалигида 3 гектар ерга плёнка остига минерал ўғитлари билан бирга чигит экилмоқда. Таъкидландики, бу йилги баҳор мавсумининг ҳар йилгидан эрта келаётганлиги, тупроқнинг 10 см. қатламидаги ҳароратнинг кутилган даражага етганлиги чигит ва бошқа экинлар уруғларини экиш учун мақбул муддатдир.
Жорий йилги экиш мавсумига пухта тараддуд кўрилди, ерларнинг шўри сифатли ювилди. Техника ва механизмлар, уруғлик чигит, минерал ўғитлар, ёқилғи-мойлаш материаллари долзарб палла тадбирлари учун шай этиб қўйилди. Юқоридагилардан келиб чиққан ҳолда барака уруғи қадаш ишларини ҳар бир ҳудуднинг тупроқ-иқлим шароитларини назарда тутган, далаларга ғўзани навлари бўйича жойлаштирган, ерларни тайёрлаш ва уруғ экиш тадбирларини бир-бири билан узвий боғлиқ равишда ташкил этган ҳолда ўтказиш лозимлиги алоҳида қайд этилди.