Вобкент тумани “Косари” МФЙ ҳудудида жойлашган “Гарден Бухоро Агрокластер” масъулияти чекланган жамиятида пахта етиштиришда илм ва инновацияларга асосланган уруғчилик, нав танлаш, ерга ишлов бериш, ўғитлаш, суғориш ишлари ташкил этиш борасида семинар ташкил этилди.
Унда Вобкент туман ҳокими Фарҳод Умаров, Ўзбекистон Республикаси пахта саноат илмий маркази бош директорининг биринчи ўринбосари, Республика пахтачилик Кенгаши аъзоси Қадам Жуманиёзов бошчилигидаги вилоятларга бириктирилган ҳудудий ишчи гуруҳи аъзолари, олимлар ва қишлоқ хўжалиги фаолиятига тегишли бўлган мутасаддилар иштирок этдилар.
Семинарда ишчи гуруҳи аъзолари томонидан иштирокчиларга ҳудудда экилган пахта навларининг ҳудуднинг тупроқ-иқлим шароитларига мос мақбулини танлаш, шунингдек агротехник тадбирларнинг тўғри амалга оширилишини таъминлаш борасида тавсиялар берилди.
Бундан ташқари давлатимиз раҳбари томонидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини амалга ошириш, мазкур лойиҳа доирасида йилига 200 млн. туп дарахт ва бута кўчатларини экиш белгиланган эди. Бундай кенг кўламли ташаббуснинг амалга оширилиши натижасида шаҳарларимиздаги яшил майдонлар ҳудуди ҳозирги 8 фоиздан 30 фоизга оширилиши айтиб ўтилган эди. Вобкент туман ҳокими ва ишчи гуруҳи аъзолари томонидан “Гарден Бухоро Агрокластер” масъулияти чекланган жамиятининг пахтадан бўшаган ер майдонларининг атрофларига тут кўчатлари ўтқазилиб, умумий ер майдонларига 2500 дона кўчатлар ўтқазилишига киришилди.
Кейинги манзил Вобкент туманида жойлашган Биокурашиш шўба хўжалик жамияти бўлди. Жамият фаолиятининг асосий мақсади қишлоқ хўжалик экинлари зараркунандаларига қарши биологик маҳсулотлар ишлаб чиқариб, сотиб фойда олишдир.
Ишчи гуруҳи аъзоларига жамиятда мавжуд бўлган Трихограмма, Бракон ва Олтинкуз каби маҳсулотларнинг қишлоқ хўжалиги ерларига самарали фойдаси ҳақида маълумотлар берилди.