Вобкент тумани 1-сектор ҳудудида жойлашган “Чангарон” маҳаллада бугун туман ҳокими Ф.Умаровнинг аҳоли билан учрашуви бўлиб ўтди.
Учрашувда Вобкент туман Халқ қабулхонаси мудири Л.Шарипова, ҳоким ўринбосарлари, тумандаги бир қатор корхона, ташкилот ва муассасалар раҳбарлари ҳам қатнашди.
Учрашув аввалида туман ҳокими мамлакатимиз сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий ҳаётида кечаётган кўламли ислоҳотлар, аҳолининг турмуш даражасини юксалтириш, мавжуд камчилик ва муаммоларни бартараф этиш, хусусан туман секторларида қилинаётган ишлар ҳақида тўхталиб ўтди.
Шундан сўнг фуқароларнинг ариза ва шикоятлари тингланди. Жумладан, электр энергияси бўйича муаммолар, иш билан банд қилиш, моддий ёрдам, янги симёғоч ўтказиш ва янги ариқ чиқариш каби масалалар кўтарилди.
Бу муаммоларни бартараф этиш юзасидан масъул корхона, ташкилот, муассасалар раҳбарларига тегишли топшириқлар берилди.
Шунингдек туман ҳокими учрашув якунида мамлакатимизда тадбиркорларга яратилаётган имкониятлар ҳақида сўз юритиб, бу иш билан шуғулланишга доир шунингдек, қишлоқда паррандачилик, тикувчилик, қуёнчилик, иссиқхоналар қуриб иш билан банд бўлиш шунингдек қуёш панелларини қуриш ва ишсизларнинг ҳам бандлигини таъминлаш юзасидан тавсиялар берди ва келгусида амалга оширилиши кўзда тутилаётган режалар тўғрисида таништириб ўтди.
Сайёр қабул давомида маҳалланинг кўча вакилларига қишлоқларнинг ободонлаштириш ишларида аҳолини фаол иштирокини таъминлагани учун эсдалик совғалари билан тақдирландилар.