Объектнинг тантанали очилиш маросимида Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов, Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисининг ўринбосари Олимжон Исмоилов, Ўзбекистон Судьялар ассоциациясининг раиси Убайдулла Мингбоев сўзга чиқиб, суд тизимида фаолият юритувчи судья ва ходимларни янги бино очилиши билан қутлашди.
Суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш ва қонун устуворлигини таъминлаш мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг устувор йўналишларидан бири сифатида белгиланганлиги қайд этилди.
Таъкидлаш лозимки, Бухоро вилоятида бугунги кунда вилоят суди ҳамда вилоят маъмурий суди, Жиноят ишлари бўйича 13 та шаҳарлар ва туманлар судлари, фуқаролик ишлари бўйича 6 та туманлараро судлар ҳамда 6 та туманлараро иқтисодий судлар инсон ҳуқуқларини таъминлаш йўлида фаолият олиб бормоқда.
Тизимни ислоҳ қилиш доирасида судлар моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, соҳада рақамлаштиришни кенгайтириш, ахборот тизимларини уйғун қилиш, замонавий технологиялар орқали одамларга қулайликларни ошириш бўйича ҳам қатор ижобий ишлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, вилоят суди маъмурий биносининг замон талаблари асосида қуриб, фойдаланишга топширилаётгани ҳам амалга оширилаётган ислоҳотларнинг самараси десак муболаға бўлмайди.
Мазкур маъмурий бинони қуриш ҳамда жиҳозлаш ишлари учун салкам 12,0 млрд. сўм маблағсарфланган бўлиб, қурилиш ишлари Зиёдулла Яҳёев раҳбарлигидаги “ЗИЁ ШАХРИЁР ҚУРИЛИШ” МЧЖ бунёдкорлари томонидан амалга оширилди.
4 қаватли янги бино энг замонавий ахборот-коммуникация воситалари билан жиҳозланган. Унда фуқароларга қулайликлар яратиш мақсадида видеоконференсалоқа, инфокиоск, корпоратив тармоқ тизимлари ишга туширилган.
Тадбирда бино қурилишида жонбозлик кўрсатган қурувчиларга алоҳида эҳтиром кўрсатилди.
Иштирокчилар яратилган шароитлар билан яқиндан танишиб, суд биносининг атрофини ободонлаштириш ишларига ўз ҳиссасини қўшиш мақсадида манзарали дарахт кўчатлари экишди.