ВИЛОЯТ ПРОКУРОРИ ҚОРАКЎЛ ЁШЛАРИ БИЛАН УЧРАШДИ

Кеча Бухоро вилоят прокурори Махмуд Истамов томонидан ёшлар бандлигини таъминлаш ва бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш уларнинг муаммоларини жойларда ўрганиш ҳамда мулоқот қилиш мақсадида Қоракўл туманидаги “Халқаро математика мактаби”да ёшлар билан учрашув ташкил қилинди.

Дастлаб вилоят прокурори “Халқаро математика мактаби”да кечаётган жараёнлар билан танишар экан, “Бу мактабдан Стив Жобслар, буюк математиклар чиқиши керак”, дея таъкидлади.

Учрашувда қатнашган туман сектор раҳбарлари, ёшлар ишлари агентлиги вилоят бошқармаси бошлиғи ва бошқа тегишли ташкилот ҳамда идоралар масъуллари туманда “Ёшлар дафтари”га киритилган, ўқиш ва дастлабки иш фаолиятида юқори натижаларга эришган иқтидорли ёшлар билан ўзаро мулоқот олиб бордилар.


Мулоқот жараёнида ёшлар томонидан жамиятнинг таълим, соғлиқни сақлаш ва спорт соҳаларини ривожлантириш юзасидан 15 дан ортиқ таклифлар билдирилди. Шунингдек, ёшлар томонидан иш билан таъминлаш, таълим ва тадбиркорлик йўналишларида имтиёзли кредитлар ажратиш, 2021 йил давлат Дастури доирасида ер ажратиш каби масалаларида қилинган 10 дан ортиқ мурожаатлар қабул қилиниб, уларнинг ҳал қилиниш чоралари белгиланди.


Учрашув ноанъанавий шаклда давом эттирилиб, ёшларнинг креатив фикрлашлари ва ҳаётга бўлган қизиқишларини ошириш мақсадида математик қобилиятни ривожлантиришга асосланган психологик тренинг, мативацион видео роликлар намойиш қилинди. Тадбирда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоир Бобур Бобомуродов иштироки ёшларда ўзгача таассурот қолдирди.


Шундан сўнг вилоят прокурори ва туман сектор раҳбарлари тумандаги болалар ва ўсмирлар спорт мактабига ташриф буюриб, у ердаги таълим сифати, ўқувчиларга яратилган шароитлар билан танишдилар.


Шу куни 2020 йилдаги Инвестиция дастури асосида қурилиши режалаштирилган 25-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотининг очилиш маросими ўтказилиб, фойдаланишга топширилди.




