Вилоят ҳокими Ботир Зарипов бошчилигида масъул мутасаддилар, секторлар раҳбарларининг бугун эрта тонгдан назорат тартибидаги навбатдаги ўрганишлари айнан Бухоро туманида кечди. Ишчи гуруҳи “Работиқалмоқ” МФЙдаги “Маданият Муҳаммад Исмат” фермер хўжалигида бораётган агротехник тадбирлар, пахта ва ғалла далаларидаги қизғин иш жараёни ва етиштирилаётган ҳосил салмоғи мисолида туман фермер хўжаликлари ишига баҳо бердилар.
Айтиш жоизки, мазкур фермер хўжалиги нафақат туман ёки вилоятимиз, балки мамлакатимизга танилган пешқадам хўжаликлардан. Бу илғор субъектни 40 йилга яқин умрини деҳқончилик равнақига бағишлаган донгдор деҳқон, “Ўзбекистон Қаҳрамони” Муҳаммад Аҳмедов бошқариб, ҳавас қиларли меҳнат ютуқларини қўлга киритиб келмоқда. Муҳаммад ака ер билан “тиллашадиган” салоҳиятга эга фидойилардан. Бу муваффақиятлари унинг деҳқончилик ва боғдорчиликда, яна чорвачилик маданиятини пухта ўзлаштирганликда ҳам кўринади. Бугун фермер ихтиёрида 196 гектар ер мавжуд бўлиб, шундан 122 гектари пахта, 74 гектари ғалла майдони ҳисобланади. Агрокомплекснинг ҳар бир тармоғида белгиланган тадбирларни ўз вақтида ва сифатли амалга ошириб, тупроқ унумдорлигини яхшилаш ва баракали ҳосил етиштиришда илғор ва инновацион тадбирларни қўллаб келаётган фермер ва унинг жамоаси томонидан 50 гектар ғўза парваришланаётган ерда замонавий услубда томчилатиб суғориш технологияси жорий қилинмоқда.
— Пахта етиштираётган умумий ер майдонимизнинг 105 гектарида “Бухоро-10” (“Сардор”) навига хос уруғлик ҳосил етиштираяпмиз, – дейди фермер Муҳаммад Аҳмедов. — Жорий йилда ҳам ҳар гектар ғўза майдони ҳосилдорлигини 40 центнерга, томчилатиб суғориладиган ерда эса бу кўрсаткични 50 центнердан ошириб, хўжалигимиз ялпи хирмонини 430 тоннага етказишни мақсад қилганмиз.
“Маданият Муҳаммад Исмат” фермер хўжалиги ҳар бир контури, уларда етилиб пишган ва ўриб–янчиб олинаётган ғаллазор, қатор ораларида такрор культивация ишлови амалга оширилиб, шу кунларда томчилатиб суғоришга тайёрланаётган ғўза майдони кўздан кечирилди. Бу хўжалик дала-деҳқончилик маданиятини бошқа ҳудуд ва хўжаликларга ҳам оммалаштиришга доир масъул мутасаддиларга тавсия ва топшириқлар берилди.
Ўрганишлардан маълум бўлишича, айни кунда туманнинг қарийб 8 минг гектарида парваришланаётган ғўза майдонининг аксарият қисмида маҳаллий ўғит жамғарилиб, “шарбат” усулида суғориш ишларига киришилмоқда. Бу жараёнда эса экин ерини “оби ҳаёт”га қондириш олдидан бегона ўтдан тозалаш, тупроқ унумдорлигини оширишга доир агротехник тадбирлар, қолаверса, ғўза зараркунандаларига қарши биологик курашни кечиктирмасдан, сифатли ўтказиш талаби қўйилди.
Ромитан тумани “Қаҳрамон” маҳалласида жойлашган, умумий қиймати 1 триллион 471 миллиард сўмлик ип-калава, жинси матоси ва тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилаётган “WBM Romitex” МЧЖ корхонасининг яна бир ишлаб чиқариш қуввати – пахта чигити хом ашёсидан ёғ ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхонаси Бухоро туманида жойлашган бўлиб, унда айни кунда элликка яқин киши меҳнат қилмоқда. Шу кеча-кундузда бу корхонада аҳоли кундалик истеъмоли учун ҳар бири 5 литрли идишда “DIROMMOIL” ёрлиғи остида пахта ёғи ишлаб чиқарилиб, буюртмачиларга етказилмоқда.
Вилоят ҳокими раҳбарлигидаги мутасаддилар мазкур корхонада бўлиб, ундаги шарт-шароит ва имкониятларни ўргандилар. Бу ерда умумий фаолиятни барқарор сақлаган ҳолда қўшимча қувватларни ишга солиш, чунончи, келгусида корхонани қуёш паннели воситасида муқобил электр энергияси билан таъминлаш чоралари кўриш, атрофни кўкаламзорлаштиришдек муҳим жиҳатларга эътибор қаратилди.
Кейинги манзил вилоятнинг табаррук қадамжоларидан бири “Чор Бакр” зиёратгоҳи.
Мазкур қадамжо Бухоро шаҳридан 6 километр ғарбда жойлашган бўлиб, шу кунларда бевосита вилоят ҳокими ташаббуси билан мажмуада таъмирлаш–тиклаш ишлари бошлаб юборилган. Зеро, “Чор Бакр” мажмуаси айни кунда қадим Бухоронинг бой маданий мероси туркумига киритилган бўлиб, унинг асл кўринишини сақлаб қолиш, ноёб меъморий ёдгорлик сифатида келгуси авлодларга бус-бутунлигича етказилишини таъминлаш муҳим аҳамиятга эга. Шу нуқтаи назардан, вилоят ҳокими кўҳна ва муҳташам обидада бораётган ишларни бориб кўрди. Қурувчилар иши ва улар қабул қилаётган қурилиш материаллари сифати мутасаддилар эътиборидан четда қолмади.
Таъкидланганидек, “Чор Бакр” мажмуаси ва унда бир-бирига туташиб кетган оилавий хазира ва даҳмалар, уларнинг олд томони пештоқлар ва ҳужралар ҳусн бериб турган девори яхлитлигини, унда Бухоро меъморчилиги асл намуналарини сақлаган ҳолда масжид, мадраса ва хонақоҳдан иборат ажойиб бир меъморий ёдгорликни қадим шаҳримизга ташриф буюрувчи хорижий сайёҳлар учун ҳам гавжум масканга айлантириш долзарб аҳамиятга эга. Шунга қарамай, мажмуада охирги таъмирлаш ишлари бажарилганига анча бўлган. Қолаверса, зиёратгоҳга бориш йўли ҳам таъмирталаб аҳволда бўлгани боис, айни саъй-ҳаракатга киришилган. Бу ишлар тез кунда ўнгланса, унда сайёҳлар келиб-кетишлари учун рисоладагидек шарт-шароит ҳозирланса, шу атрофдаги қишлоқ аҳолиси учун ҳам қулайлик яратилади, чунки хизмат кўрсатиш, савдо фаолияти кенгайиши янги иш ўринларига замин ҳозирлайди.
Вилоят раҳбари муқаддас қадамжони янада обод қилиш, тарихий мажмуани асл ҳолича сақлаш ва реставрация қилишга доир чора-тадбирларни жонлантириш бўйича мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмаларини берди.